Маҳалла раисларига “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Шунга мувофиқ жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида унинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилган эди.

Самарқанд тумани ҳокимлигида ўтказилган тантанали тадбир ана шу кўкрак нишонларини топширишга бағишланди.  Туман ҳокими Носир Мавлонов халқимиз азалдан меҳр-саховатли, оқибатли, ўзгаларга беминнат ёрдам кўрсатадиган, фидойи ва ташаббускор инсонларни юксак қадрлаб келганлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда ҳам пандемия таҳдид солган илк кунларда бу бало-қазога қарши якдиллик билан курашиш, касалликка чалинган одамларга ёрдам кўрсатишда халқимизнинг меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, оғир кунларда беминнат ёрдам кўрсатиш каби қадриятлар яққол намоён бўлди.

- Бугунги кўрсатилган эътибор ҳар бир маҳалла раисига улкан куч-қувват бағишлади, - дейди Равонак маҳалласи раиси Исмоилжон Амониллоев. – Бежизга бу кўкрак нишони таъсис этилгани йўқ. Шу билан бирга келгусидаги ҳар бир ишга ҳолисона, адолатли ёндашган ҳолда масъулият билан бажаришни талаб қилади.

Тантана давомида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлган 74 та маҳалла раислари ва ходимларига мукофотлар топширилди.

2015-2024 © GOVERNMENT OF DISTRICT. Maked by: SAKTRM