Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?

Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу, биринчи навбатда, унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади. Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шу манода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5-февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан, илк маротаба аҳолини рўйхатга олиш белгиланди.

Хўш, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради?

Алоҳида таъкидлаш лозимки, рўйхат шакллантириш асосида маълум бир санада аҳолининг аниқ сони, ёши ва жинси, таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин. Аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлатилади.

Бу йўналишда аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар ҳам шакллантирилади. Республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида фойдаланилади. Статистика идоралари томонидан ташкил этиладиган танлама кузатувларни ташкил этишда маълумотлар базаси мустаҳкамланади. Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритишга хизмат қилади.

Албатта, буларнинг барчаси ҳар бир олиб борилаётган ислоҳотларни барқарорлаштиришнинг муҳим омилидир. Шу билан бирга аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда аниқликлар яратилиши аҳолини рўйхатга олишнинг бош мақсадларидан бири. Ҳамда халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар томонидан амалга ошириладиган таҳлиллар учун кенг қамровли ахборотлар манбаи ҳисобланади.

Таъкидланганидек, бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек, давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш мамлакат миқёсидаги энг зарур илоҳотларнинг дебочаси десак адашмаймиз.

Азимжон ШАРИПОВ,

Самарқанд туман статистика бўлими бошлиғи.

2015-2024 © GOVERNMENT OF DISTRICT. Maked by: SAKTRM