12 гектар боғ ўрнига сабзавот экилади

Самарқанд туманининг мўтадил иқлими, унумдор тупроқлари мева-сабзавотларнинг витаминларга бой бўлиб, етилиб пишишида улкан рўл ўйнайди. Шуларни инобатга олган ҳолда кейинги йилларда туманда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, етиштирилган маҳсулотиларни қайта ишлаш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, самарасиз боғлар ўрнига сабзавот экинларини экиш, янги интенсив боғлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётир. Айни шу йўналишда ҳукумат қарори (18.12.2019 й.) билан “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланиб, амалётга татбиқ этилмоқда.

Афсуски, айрим фермар хўжалиги раҳбарлари қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг асл моҳиятини тушуниб етаётгани йўқ.

Яқинда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари Янгиариқ ММТП ҳудудидаги “Қурбонов Сулотонмурод” фермер хўжалигида бўлиб, у ердаги 12 гектар самарасиз боғнинг ҳолатини ўрганди.

Ўрганиш жараёнида фермер хўжалиги раҳбарларига ҳаётга татбиқ этилаётган ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Кам ҳосил берадиган 12 гектар боғ яроқсиз деб топилиб, ўрнига сабзавот маҳсулотларини экиш, юқори ҳосил олиш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш борасида кўрсатмалар берди.