Самарқанд тумани ҳокими Носир МАВЛОНОВнинг Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш бўйича туман аҳлига мурожаати

Азиз юртдошлар, ҳурматли туманимиз аҳли!

Сизларни шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Кириб келаётган Рамазон ҳайитининг эзгу қадриятларимизни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни, инсон тарбиясидаги аҳамияти беқиёсдир. Ушбу қутлуғ айёмга, файзли ва барокатли кунларга етказганига шукроналар айтамиз. Айниқса, дунё аҳлини қийнаб келаётган коронавирус пандемияси даврида сизлар сабр-қаноатингиз, саховатпешалигингиз, матонатингиз билан бу синовдан муносиб ўтаётганингизни қадрлайман.

Мураккаб даврда ҳар томонлама оқилона иш юритиш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, азиз фарзандларимизнинг сиҳат-саломатлиги, иқболини таъминлаш йўлида бирлашиб ҳаракат қилишимизни бугуннинг ўзи талаб этмоқда. Бундай вазиятда ҳар биримиз тартиб-интизом, янада кўпроқ сабр-тоқатли бўлишимизни ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Мана шундай саодатли дамларда аждодларимиз қабрларини зиёрат қилиш, айём арафасида қарндош-уруғлардан хабар олиш каби қадриятларимизни амалга оширишни карантин даврида вақтинчалик чеклашга чақираман. Шу билан бирга, бугунги дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик сўраб хайрли дуолар қилмоққа барчангиз шошилишингиз табиий. Бу амалларни ҳар бирингиз ўз хонадонингизда, оила аъзоларингиз даврасида адо этишингизга иймоним комил.

Ҳурматли тумандошлар!

Барчангизни муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий қутлайман.

Дуога қўл очган кекса отахону онахонларимизнинг шундай фазилатли дамларда юртимиз тинчлиги, халқимиз бошига ташвиш солаётган турли иллатларнинг йўқ бўлиб кетишини тилаб қилган эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Уйда қолиб, хонадонларимиз файзу баракаси ва осойишталигини асрайлик!

 

2015-2024 © Samarqand tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM