5 минг 943 нафар бола боғчада, яна 5 минг нафари навбат кутмоқда

Самарқанд туманида 23 минг 328 нафар мактаб ёшигача бўлган боланинг 5 минг 943 нафари 55 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

– Боғча ёшидаги болалар сонига нисбатан уларни қамраб олувчи муассасалар сони анча кам, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Дулфуза Азизова. – Айни пайтда навбат кутаётган болалар сони 5 мингга яқин. Шу боис, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида бор имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Давлат дастурлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 та ДМТМ яқин кунларда фаолият бошлайди. Муаммони ҳал этишда давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги ва нодавлат МТМ ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, 43 нафар ташаббускор тадбиркор мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш таклифини билдирган. Шундан 9 нафари давлат-хусусий шерикчилиги асосида МТМ фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Деҳнав маҳалласида тадбиркор Дилафрўз Қобилова томонидан барпо этилаётган 100 ўринли давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат МТМ шу ойда ишга тушади. Белгиланган режага мувофиқ, март ойи давомида 7 та МТМ иш бошлайди.

Айтиш керакки, НМТМларга ота-оналарнинг ишончи ортмоқда. Талибарзуи поён маҳалласида тадбиркор Соҳиба Муҳиддинова очган “Нуршод файз” нодавлат мактабгача таълим муассасасида 85 нафар тарбияланувчи тарбияланмоқда.

– Муассасамиз жорий йилда фаолият бошлади, – дейди С. Муҳиддинова. – Маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги боис, кўпчилик фарзандларини илк кунларданоқ муассасамизга олиб келди. Кун сайин талабгорлар кўпаймоқда. Айни пайтда учта гуруҳ фаолият юритаётган бўлса, яқин кунларда улар сони 4 тага етади. Таълим-тарбия ишлари “Илк қадам” дастури ва давлат стандартлари талаблари асосида йўлга қўйилган.

Тарбияланувчиларнинг баркамол вояга етишлари учун инглиз тили, математика, шахмат, гимнастика тўгараклари мавжуд.

Туманда бугунги кунда 17 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Уларда 400 нафар тарбияланувчи камолга етаётир. Ширинобод маҳалласида яшовчи тадбиркор Санобар Қобилова 25 ўринли “Фарзона” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этган.

Туман мактабгача таълим бўлими мудири таъкидлашича, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига уларга яқин ҳудудда жойлашган давлат мактабгача таълим муассасалари ўқув-услубий ёрдам бериш мақсадида бириктирилган. ОНМТМда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун ойда бир марта бўлим томонидан ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида айни пайтда тумандаги мактабгача ёшдаги болаларнинг МТМга қамрови жорий йил якунига қадар 46 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Манба: ЎзА


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2015-2024 © Хокимият Самаркандского района. Разработан в: SAKTRM