Жазоларни либераллаштириш нима дегани?

Бугун вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш, болаларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш борасидаги тадбирлар билан бир қаторда жиноят содир этган вояга етмаганларнинг ахлоқини тузатиш, уларнинг тўғри йўлга тушиб олиши борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.

2001 йилда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши бу борада ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди. Мазкур қонунга кўра, жиноятларнинг таснифлари ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифалардаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Натижада Жиноят кодексининг оғир ва ўта оғир жиноятларни назарда тутувчи моддалар салмоғи анча қисқартирилди.

Ҳозирда фақат оғир ва ўта оғир жиноят содир этган вояга етмаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмоқда. Қолган барча тоифадаги жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланмоқда.

Сўнгги йилларда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумлар сонининг икки баробарга камайганининг ўзи ҳам бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалар берганлигини кўрсатади.

Вояга етмаганларга тайинланадиган ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо катталарга қўлланиладиган шу турдаги жазодан муддатининг камлиги билан фарқланади. Масалан, вояга етмаганларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазонинг энг кўп муддати бир йил, вояга етганлар учун уч йил қилиб белгиланган. Бу вояга етмаганларга нисбатан назарда ттилган жазонинг инсонпарварлик, одиллик принципларига мувофиқ белгиланганлигидан далолат беради.

Жиноят кодексининг 46-моддасида катта ёшдагиларга ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо тайинланганда шахс иш ҳақининг 10 фоизидан 30 фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборатлиги белгиланган, бироқ ЖК 83-моддасида мазкур жазо вояга етмаганларга нисбатан тайинланганда, давлат даромадига ушлаб қолинадиган иш ҳақи миқдори умумий асосларда амалга оширилиши белгиланган. Бу эса, жиноий жавобгарлик ва жазони дифференциация қилиш принципига мувофиқ эмас.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 243-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг қисқартирилган кундалик иш вақтидаги меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида нормага кўра корхоналарда ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг меҳнатига ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб ҳақ тўланиши кўрсатилган . Шунинг учун ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазолар вояга етмаганларга нисбатан тайинланганда, уларнинг иш ҳақи қоидага кўра катталарникидан камроқ эканлигини инобатга олиб, давлат даромади фойдасига ушлаб қолинадиган миқдорнинг чегарасини қонунда ойлик иш ҳақининг 10 фоизидан 20 фоизигача деб қатъий белгиланиши мақсадга мувофиқ ва мантиқан тўғри бўлади.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, ЖКнинг 83-моддаси 1-банди қуйидаги тартибда ўзгартирилишини таклиф этамиз:

1. Ахлоқ тузатиш ишларини фақат 16 ёшга тўлган меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берган бошқа жойларда, яъни унинг яшаш жойида ёки яшаш жойидан узоқ бўлмаган жойларда ўташ тариқасида ойлик иш ҳақининг 10 % дан 20 % гача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, бир ойдан бир йилгача тайинланади.

Қатор хорижий давлатларнинг жазони индивидуаллаштириш ва вояга етмаганларга жазо тайинлашда эътиборга олинадиган масалаларни тартибга солувчи жиноят ҳуқуқий нормаларини ўрганиш асосида вояга етмаганларга жазо тайинлашнинг мақсадларини назарда тутувчи алоҳида моддани ЖКга киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Унинг қуйидаги янги таҳрири таклиф қилинмоқда:

2. «Вояга етмаганларга жазо тайинлаш уларни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш мақсадларига қаратилган бўлиши керак. Ушбу мақсадларга енгилроқ жазо турларини тайинлаш орқали эришиш имконияти бўлмагандагина жазонинг оғирроқ турлари тайинланиши лозим».

3. Вояга етмаганларга қўлланадиган жиноят хуқуқий чораларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Жумладан, вояга етмаганларга тайинланиши мумкин бўлган жазо тизимидан қамоқ жазосини олиб ташлаш таклиф қилинмоқда. Бунинг асосий сабаби шундаки, қамоқ жазоси қамоқ уйларида ўталади. Уни ўташ тартиби турма жазосини ўташ тартиби билан тенглаштирилган, шу билан биргаликда қамоқ жазосини ижро этиш вояга етмаган жиноятчилар билан тарбиявий ишлар олиб бориш, уларни ўқишини ташкил қилиш имконини бермайди.

4. Шартли ҳукм жазо эмас, балки жазодан озод қилишнинг тури эканлигини ҳамда вояга етмаган жиноятчиларга нисбатан қўлланилаётганда ҳеч қандай алоҳида хусусиятга эга эмаслигини инобатга олган ҳолда ЖК 86-моддаси 5-қисмини чиқариб ташланиши керак.

5. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан вояга етмаган шахс томонидан жиноят содир этилишини олиб ташлаш таклиф қилинади. Бунинг сабаби сифатида вояга етмаганларнинг барча хусусиятлари уларга тайинланаётган жазоларни индивидуаллаштиришда ЎзР ЖК XV бобида эътиборга олинганлиги ва жазо тайинлашда бу ҳолатни икки маротаба инобатга олиш қонунга зид эканлигидир.

6. Ўзбекистон Республикасининг 30.09.2005 йилдаги №ЎРҚ-10 қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ЖК 87-моддаси 2-қисмига ўзгартириш киритилган. Унга мувофиқ ЎзР ЖК 87-моддаси 2-қисмидаги “уч” деган сўзи “беш” деган сўз билан алмаштирилган. Вояга етмаганларни мажбурлов чораларни қўллаган ҳолда жазодан озод қилиш тўғрисидаги норма инсонпарварлик принципини таъминлаш ва вояга етмаганлар жавобгарлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни қайта содир этган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахсни жазодан озод қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

7. 13 ёшга тўлмаган шахс одам ўлдириш мумкин эмаслигини тушунсада, унинг, айниқса, жазони оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдиришнинг ижтимоий хавфлилигини тўла англайди, деб қатъий таъкидлаб бўлмайди ва фақат жаноят -ҳуқуқий репрессияни кучайтириш билан жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириб бўлмаслиги, жазони кучайтириш жиноятчиликка қарши курашнинг бошқа чораларини излашдан чалғитиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қонунда, жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун жавобгарликка тортиш ёшини 14 ёш деб белгилаш керак.

8. ЖК 88- моддасининг номини “Тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чоралари” деб ўзгартириш ва ушбу моддадани қуйидаги янги таҳрирда берилиши судга унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этган вояга етмаганларни жазодан озод қилиб, тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чораларини қўллаш имкониятини беради:

88-модда. Тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чоралари

 Вояга етмаган шахсларга нисбатан суд томонидан қуйидаги тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин:

а) огоҳлантириш;

б) ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд махсус давлат органи назоратига топшириш;

 в) жабрланувчидан узр сўраш мажбуриятини юклаш;

г) етказилган зарарни бартараф эиш мажбуриятини юклаш;

д) дам олиш вақтини чеклаш ва вояга етмаганнинг хулқ-атворига алоҳида талаблар қўйиш;

е) махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш.

9. ЖКга 88-1-модда. Тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чораларининг мазмуни ва муддатларининг киритилиши тарбиявий таъсир кўрсатувчи мажбурлов чораларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишига хизмат қилган бўлар эди.

10. ЖКга 90-1-модда. Жавобгарликка тортиш ёки жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш муддатларини қонунда аниқ белгилаб қўйилиши. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши муддатларининг ҳам алоҳида моддада белгиланиши ва уларнинг катталарникидан фарқ қилиши кўзланган мақсадимизга хизмат қилган бўлар эди.

Жахонгир РАШИДОВ,

вилоят прокурорининг ёрдамчиси.

2015-2024 © Хокимият Самаркандского района. Разработан в: SAKTRM