Самарқанд туманида икки нафар фуқаро пичоқлашган: Айбдор қидирувда

2020 йил 30 июнь куни соат 19:30 ларда Самарқанд туманидаги “Баховуддин-фарм” МЧЖга қарашли боғ ичида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Қ.М. ва шу вилоятнинг Муборак туманида яшовчи Б.С. ўртасида келиб чиққан келишмовчилик туфайли ўзаро жанжаллашиб, Қ.М. мастлик ҳолатида ўткир тиғли жисм билан фуқаро Б.С.нинг чап кўкрак, ўнг қорин, бел ва ўнг қўл соҳаларига тўрт марта қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказиб, ҳодиса содир бўлган жойдан номаълум томонга қочиб яширинган.

Оқибатда Б.С. олган оғир тан-жароҳатлари билан Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 1 июль куни Самарқанд тумани прокуратураси томонидан Қ.М.га нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида ўтказилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида гумон қилинувчи Қ.М.ни терговга жалб қилишнинг имкони бўлмаган.

Шу боис 2020 йил 2 июль куни Қ.М. сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, шу куни унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Жиноят иши доирасида жабрланувчи Б.С. ва бир қатор гувоҳлар батафсил сўроқ қилиниб, фотосуратдан таниб олиш тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Воқеа жойидан олинган ашёвий далиллар кўздан кечирилиб, унда аниқланган қонга ўхшаш доғлар бўйича судга оид биология экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда айбланувчини топиш борасида барча тергов ва тезкор-қидирув чоралари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.

 

2015-2024 © Хокимият Самаркандского района. Разработан в: SAKTRM