Самарқанд туманидаги аксарият давлат мактабгача таълим ташкилотлари талаб асосида фаолият кўрсатмаяпти

Туман ҳокимлиги иш гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш давомида Оҳалик маҳалласида жойлашган 6-МТТ 53 нафар болага таомномасиз овқатлар тайёрланаётганига гувоҳ бўлинди. Карантиндан сўнг, 3 ноябрда иш бошлаган боғчада умуман озиқ-овқат захираси яратилмаган.

Янгижой маҳалласида жойлашгани 39-МТТда тарбиячи ва ишчи ходимлар пандемия талабларига зид равишда, ниқобсиз фаолият олиб бораётганлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ мазкур боғчада ҳам кунлик таомноманинг йўқлигига гувоҳ бўлди. МТТларда ҳар бир гуруҳда бола сони 15 нафардан белгиланган бўлса-да, бу ерда бир гуруҳда 24 нафар бола тарбияланаётгани кузатилди.

Хожа Аҳрори Вали маҳалласида жойлашган 1-МТТда электр печлардан фойдаланиляпти. Болаларнинг овқатланиши учун ишлатилган идиш-товоқлар болалар ётоқхонасида ювилаётганлиги кузатилди. Ачинарлиси, тўпланган чиқиндилар бир неча кундан буён чиқарилмаган.

Ипакчи маҳалласидаги 13-МТТда 15 нафар болага мўлжалланган хонада 24 нафар болалар тарбияланаётганлиги, бир кишилик каравотда иккитадан бола ётқизилаётгани аниқланди. Гуруҳ хоналари аксариятининг поли яроқсиз ҳолатга келиб қолган, носоз газ ҳисоблагичидан газ сизиб чиқмоқда.

Миришкор маҳалласида жойлашган 9-МТТда баъзи гуруҳ хоналарининг поли тахталари синган, электр симлари очиқ ҳолатда. Иситиш тизими тўлиқ ишламаётганлиги сабабли хоналар совуқ. Омборда куз-қиш мавсуми учун озиқ-овқат захираси яратилмаган. Болалар ҳароратини қайд қилиш китоби юритилмаган.

Қорасув маҳалласида жойлашган 35-МТТ ошхонаси иссиқ ва совуқ сув билан таъминланмаган, иситиш тизими ишламайди. Ҳароратни ўлчаш учун тепловизор йўқ.

Қўшкўприк маҳалласидаги 25-МТТ ошхона ва озиқ-овқат омбори санитария талабларига жавоб бермайди. Ошхонага иссиқ ва совуқ сув уланмаган.

Ишчи гуруҳи томонидан бу каби камчиликлар ўрганилиб, бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

2015-2021 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM