“Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигида “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми ўтказилди

Форумда Самарқанд тумани сектор раҳбарлари ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган вилоят ва туман Кенгаши депутатлари иштирок этишди.

Мулоқот жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммоларни доимий равишда тизимли ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ЎзЛиДеПдан сайланган депутатларнинг аниқ позициясини шакллантириш форумнинг асосий мақсади эканлиги тушунтирилди. Шунингдек, амалий таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш, Коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, шу билан бирга жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ўрганиб, уларни жойида ҳал этиш чораларини кўриш айни кунда аҳамиятга эга вазифалар эканлиги қайд этилди.

Тадбир давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоли масалалар кўриб чиқилди.

Масалан, тадбиркор Абдужаббор Умаров фермерларнинг ер участкаларини балл-бонитетини ўлчаш кераклиги, воҳаланки вилоятимизда бундай ташкилот йўқлиги фермер хўжалиги раҳбарларини қийнаб келаётганини айтди.

Фермер хўжаликларининг ер участкалари ҳар хил бўлганлигига қарамасдан бир хил режа қўйилмоқда. Бу эса фермерларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари Тошпулат Юсупов томонидан фермерларни айни ёз фаслида сув масаласи қийнаб келаётгани ёки қишлоқ хўжалиги экинларини сўғориш учун янги сув тармоғини тортиш масаласини ўртага ташлади. “Навобод наслли парранда” кластер усулидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор тажрибага эга бўлган фермер ва тадбиркорларнинг амалий ишларини кенг тарғиб қилиш, тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратиш зарурлиги таклиф қилди.

Танқидий ва бахс-мунозарага бой тарзда ўтган учрашув якунида кўтарилган масалалар бўйича дахлдор ташкилотларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM