Мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия сифати ошади

Мамлакатимизда миллий генофондни мустаҳкамлаш, ёш авлодни етук кадрлар этиб тарбиялаш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилган.

Шу мақсадда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов Самарқанд туманида бўлди. Мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Тумандаги 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган йиғилишда туман мактабгача таълим бўлими раҳбар ва ходимлари, бўлим тасарруфидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти директорлари иштирок этди.

Йиғилишда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари муҳокама этилди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Таъкидландики, мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.

Бунга қўшимча исбот қидириб узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас.

Йиғилишда шунингдек, айрим камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди. Билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазалар келгусида ҳаётга татбиқ этилиши қайд қилинди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM