Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди

Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли. Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.

Мазкур масалалар тўғрисида жорий йил 12 январда давлатимиз раҳбари томонидан имкзоланган “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди. Шунингдек, инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуққли эканлиги белгиланди.

Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади. Фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек, суд мажлисининг аудио ёки видеоёзувини олишга ҳақли.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.

Юқорида қайд қилинган қонунлар ва фармон республикамизда одил судловни амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зариф ҲАМРОҚУЛОВ,

Самарқанд тумани ҳокимлиги бош юристконсульти.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM