Юртимизда қўзиқориннинг неча тури мавжуд? Уларнинг қанчаси истеъмолга яроқли?

Баҳор фаслининг кириб келиши билан ёмғирли кунлар бошланади. Бу эса қир-адирлар, майсазор ва ариқ бўйларида қўзиқоринларнинг чиқиши учун замин яратади. Қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган кишилар учун айни муддао.

Шунингдек уни сотиш ҳоллари ҳам кўпаяди. Аммо бу неъматни териб ёки сотиб олиб, истеъмол қилишдан аввал истеъмолга яроқли эканлигини албатта, аниқлаб олиш зарур.

Юртимиз ҳудудида қўзиқориннинг 300 дан зиёд тури ўсади. Бироқ шулардан атиги 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Уларнинг таркибида фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, уларга қанчалик ишлов берилмасин, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Ана шуқўзиқоринлар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларнинг заҳарланишига олиб келади.

Шу боис ҳам  истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиб олишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Қўзиқориндан заҳарланган ҳолларда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб кузатилади. Лекин, кўп ҳолларда қўзиқорин истеъмол қилингандан сўнг 1, 2 соат ўтгач, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан намоён бўлади.

Бу заҳарланишнинг дастлабки белгиларидир. Бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, пульснинг секинлашиши, алаҳсираш (галлюцинация), титраш ҳолатлари ҳам кузатилади. Кўз қорачиғининг кенгайиши ёки унинг торайиши ҳам заҳарланиш аломатларидан биридир. Қўзиқориндан заҳарланганда беморга тиббий ёрдам кўрсатилса, 2, 3 кунда соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда беморнинг аҳволи ёмонлашади ёҳуд касаллик ўлим билан тугаши мумкин.

Туманимизда ҳам қўзиқориндан заҳарланиш ҳолатлари оз бўлса-да, учраб туради. Бундан ҳар бир киши тўғри хулоса чиқариши лозим. Эҳтиётсизлик, тавсия ва маслаҳатларга амал қилмаслик эса оғир оқибатларга олиб келади.

Шунинг учун ҳам фуқароларимиз бу борада ҳушёр бўлиши керак.

Бозорларда сотилаётган истеъмолга яроқли қўзиқоринларга Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан текширувдан ўтказилганлиги ҳақида тегишли маълумотнома берилади. Ана шундай маълумотномаси бўлмаган қўзиқоринларни сотиб олиш ва истеъмол қилиш мумкин эмаслигини унутмаслигимиз лозим.

Самарканд туман СЭО ва жамоат саломатлиги билан алокалар булими

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM