Полиомиелит бир умр ногиронликка олиб келади

Полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб, уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.

Шу ўринда полиомиелитни юқтириб олиш осонлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Мулоқотда бўлиш ёки ҳаводаги томчилар йўли билан ўтадиган вирусни ташиб юрувчига тегишнинг ўзи кифоя. Организм ичига тушган вирус марказий асаб тизимини шикастлайди, бунинг натижасида фалаж ёки шол ривожланиши мумкин. Касаллик кечишининг бундан оғирроқ кўринишларида нафас тизимининг шикастланиш ҳоллари ҳам мумкин. Бу муқаррар ўлимга олиб келади. Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.

Республикамизда полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон ва Афғонистонда полиомиелит касаллиги аникланмокда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси иштирокида даволаш-профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтиришни ташкил этиш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди.

 Туман ҳудудига четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бу́йича туман раҳбарлари хабардор қилиниб, полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Самарканд туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

2015-2021 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM