Ғалла парвариши учун 1 ой муддат фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Гулистон агротехсервис агрофирмаси ҳудудида 49 та фермер хўжалиги бор. Мазкур фермер хўжаликлари томонидан 2021 йил ҳосили учун 227,8 гектар майдонда бошоқли дон экинлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Хўш, бугунги кунда ушбу фермер хўжаликларида ғалла парвариши учун агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилдими?

Туман ҳокими бошчилигида ўтказилган йиғилишда шу масала танқидий таҳлил қилинди.

Экилган ғалла майдонлари мутахассислар томонидан ўрганилганда 160, 170 гектар ғалла майдонларини бегона ўт босганлигига қарамасдан ғаллага кимёвий ишлов бериш ишларига киришилмаганлиги аниқланди. 50, 60 гектар атрофидаги ғалла сийрак ривожланмоқда. Қўшимча озиқлантириш ва барг орқали суспензия сепиш ишлари ташкил этилмаган. Оқибатда ғалла поялари юқалашиб, барглари сарғайиш ҳолатига келиб қолган.

Мисол учун, “Шукур боғлари” фермер хўжалигида 2 гектар майдонга экилган ғалланинг ривожи паст. Бегона ўтларга қарши ишлов бериш ишлари амалга оширилмаган. Шарбат усулида суғориш мақсадида маҳаллий ўғит жамғарилмаган. Баргдан озиқлантириш мақсадида суспензия сепиш ишларига киришилмаган.

Бундан ташқари, “Амонов Ҳасан”, “Ҳожимурод Бобомурод боғлари”, “Ахмаджон Азимович”, “Бегзод Агро Стар” каби фермер хўжаликлари томонидан ҳам ғалла парвариши учун керакли агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилмаган.

Йиғилишда туман ҳокими ҳудуддаги барча фермер хўжаликларида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берди. Ғалла парвариши учун 1 ой муддат фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, 3, 4 кун ичида бегона ўтлар ва занг касалликларига қарши кимёвий ишлов бериш, 3, 4 марта баргдан озиқлантириш мақсадида суспензия сепиш ишларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

2015-2021 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM