КОРРУПЦИЯНИНГ ИЛДИЗИГА СУВ ҚЎЙМАЙЛИК!

Манбаларда келтирилишича, коррупциянинг илдизи қадимий қабилалардаги сардорга маълум бир мавқега эга бўлиш учун одамларнинг турли совға-саломлар бериш одатига бориб тақаларкан. Мана асрлар ўтса ҳамки бу иллат "равнақ" топса-топдики, йўқолмади...

Коррупция давлат тараққиётига катта тўсиқ бўлишини кўрсатди. Коррупция ўзида бир неча жиноятни мужассамлаштиргани боис унинг ягона таърифи йўқ. БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясида "Коррупция шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилишдир", дея нисбатан қисқа, лекин кенг қамровли таъриф берилган. Аниқроқ айтганда, коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ жиноятдир. Коррупционерлар ҳам худди бошқа жиноятчилардек, айтайлик ўғри, каззоб ёки фирибгардан унча фарқ қилмайдиган бир тоифа шахслардир.
Коррупция ҳамма замонларда бўлган ва ҳозир ҳам барча давлатларда бор. Фарқи унинг тараққиётга қай даражада тўсиқ бўлаётгани ва жамиятни қандай куч билан ботқоққа тортаётганида. Йиллар ва асрлар давомида инсонларнинг коррупцияга муносабати ўзгариб турса-да унга жуда тез мослашади, ҳатто хайрихох бўлиб қолади. Бу сизу биз, барчага тегишли. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш, сабаб ва оқибатларини бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлиги принципини таъминлаш ниҳоятда масъулиятли вазифа. Унга қарши кескин курашиш ҳар қандай жамиятда оғир кечади. Бу жараён жуда кўп нарсанинг баҳридан ўтишни талаб қилади.
Хўш коррупционер нимадан қўрқади? Биринчи навбатда, ошкораликдан, очиқликдан. Иккинчидан эса жазодан. Бели оғримай топганлари ва шунга имкон берадиган мансабидан маҳрум бўлиб қолишдан, халқнинг нафратидан қўрқади.
Бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир муайян чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Бироқ буларнинг орасида энг самаралиси барчамиз бир мақсадда бирлашиб, жамоатчилик назоратини ўрнатишдир. Ана шунда бу иллатнинг томирига сув қўймаган, унинг олдини олган.

Манба:http://www.gulobodtongi.uz

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM