Ватанга хиёнат кечирилмайди

Ҳозирда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани барчага аён. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга уринмоқда.

Инсоннинг ўз юртига ва халқига хиёнат қилиши оғир гуноҳдир. Ана шу ҳақиқатни англаб етмаганлар бугун оиласи, халқи, Ватанига хоинлик қилиш йўлига кириб қолмоқда. Аммо улар бундай қабиҳликлар ортида аччиқ қисмат ётганлигини афсуски, кеч англамоқда. Қўшни Ургут туманида яшовчи бир гуруҳ шахслар Суннат Абдуҳакимов, Жалолхон Маҳмудов, Бобир Ходиев, Муҳаммадсодиқ Бобоевич, Шамсиқамариддин Маъдиев, Умед ва Муродилла Ахмедовлар ана шундай аччиқ қисматга дучор бўлганлардан. 

Ҳамтовоқлар тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тизимига тажовуз қилиш мазмунидаги маърузалардан сабоқ олади. Улар уч йил мобайнида жамоат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш мақсадида Афғонистон, Сурия, Ироқ давлатларида ташкил қилинган диний экстремистик гуруҳлар ғояларини бошқаларга очиқдан-очиқ тарғиб қилди. Турли давраларда маъруза ва видеоларни қўйиб, диний суҳбатлар ўтказди. Одамларни мухожидлар, яъни Суриядаги террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга даъват этади. Ўзлари ҳам тезроқ Туркия ва Сурия давлатларига чиқиб кетиш илинжида режа тузишади. Уларни жума намозларидаги расмий имомларнинг тинчлик ҳақидаги маърузалари эмас, янги топишган намозхон биродарларининг "жиҳод", "ҳижрат" ҳақидаги гаплари, Сурия ва Ироқ давлатлари ҳудудида ташкил этилган ислом давлатидаги "кофирлар зулмидан азият чекаётган мусулмон биродарларга қарши дин йўлида жанг қилаётган, "ҳақиқий мусулмон жангарилар" ҳақидаги жўшқин ҳикоялар қизиқтирарди. Янги келганлар биродарларидан турли дисклар, флешкарталарда ёзилган диний экстремистик даъватлар, маърузалар, видео-аудиороликларни мунтазам тингларди, билар -билмас суралар ёдлаб "билимини оширарди". Ўзаро суҳбатлар мавзуси ҳам фақат шу ҳақда эди. 

Бироқ улар ўзларининг ёвуз режаларига , қабиҳ ниятларига эриша олмади. Бу кимсаларнинг жирканч қилмишлари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилди. 

Тергов давомида жуда кўп ҳолатларга ойдинлик киритилди. Шу эл-юртнинг нон-тузини еб, унинг тинч ва фаровон ҳаётини издан чиқариш истагида бўлган бундай разил ниятли кимсаларни қандай аташни ҳам билмайсан киши. Муаззам динимизнинг асл моҳиятини етарлича тушунмасдан, чала-чулпа тушунчаларга кўр-кўрона ишониб, қайси бир бадбин кимсалар қўлида қуролга айланишга ҳаракат қилган бундай ношукурлардан ҳам нафратланасан, ҳам ачинасан. 

Суд ҳукми билан судланувчилар Суннат Абдуҳакимов, Жалолхон Махмудов, Бобир Ходиев, Умед ва Муродилла Ахмедовлар, Муҳаммадсодиқ Бобоев ҳамда Шамсиқамариддин Маъдиевларнинг ҳар бири 7 йилдан озодликдан маҳрум этилди.

Манба: "Гулобод тонги" газетаси

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM