«Кам таъминланганман, мени давлат боқиши керак!»

Айрим фуқароларимиз ана шундай важ билан боқимандалик кайфиятида яшамоқда

Носириддин Рабғузий ўзининг "Қиссаси Рабғузий" асарида "Подшоҳлар шикорининг хўброғи - раият кўнглини овламоқдир", деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Улар ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш даражасида ижобий ўзгаришларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари вакиллари, секторлар раҳбарлари, турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг муаммолари, ҳаётий ташвишларини ўрганмоқда. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг дардини тинглаб, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, энг муҳими, уларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани айни ҳақиқат. 

Лекин гуруч курмаксиз бўлмагани каби, ана шундай берилаётган имтиёз ва эътибордан ғаразли мақсадда фойдаланувчи фуқароларни кўриб, ҳайратда қоласан киши. Мурожаат эгаларининг айримлари тўрт мучали соғ, меҳнатга лаёқатли ва ҳаракат қилса, бировга муҳтож бўлмай яшаши мумкин бўлишига қарамасдан ҳукуматдан, давлат идораларидан моддий ёрдам кутиб яшайди. Бундай кимсаларнинг, айниқса, таёқ суқса ҳосил берадиган саховатли заминга муносабатини, томорқа-ерларининг қаровсизлигини кўриб, нақадар ношукур, боқимандалигидан ёқа тутасан.

Айрим маҳаллаларда яшовчи баъзи "кам таъминланган" фуқаролар (исми шарифларини ёзишдан истиҳола қилдик) ўзларининг ижтимоий ночорлигини рўкач қилиб, маҳаллага, туман ҳокимлиги ва юқори турувчи ташкилотларга тинмай шикоят ёзишдан андиша қилмай қўйган. "Менинг аҳволим оғир, уйим жуда хароб, менга уй-жой бермасанг Президентгача бораман" деб дағдаға қилишади улар. Аммо яхшилаб суриштирсангиз, бир неча маротаба маҳалла ва мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур фуқароларга амалий ва моддий ёрдам кўрсатилган бўлиб чиқади. 

Маҳаллага ташриф буюрсангиз уларнинг ўз номида бўлмаган ҳашаматли уйи, савдо дўкони борлигини кўрасиз. Маҳалладаги ҳақиқий муҳтожлар эса ожизлигидан уялиб, ҳукуматимиз томонидан беғараз кўрсатилаётган ёрдамдан ҳам тортинади. Мардикорлик қилиб бўлса-да, кунини кўриб, бола- чақасининг устини бут, қорнини тўқ қилишга интилади. 

Аслида, бугунги тадбиркорлик қилишни истаганлар учун яратилаётган имконият ва шароитлар олдида ҳеч бир ишга қўл урмасдан "Кам таъминланганман, мени давлат боқиши керак", деб туришнинг ўзи уят эмасми? Ахир улар "қўлдан берганга қуш тўймас" деган ибратли нақлни бир мағзини чақиб кўришса, жойлардаги фуқаролар йиғинлари ходимлари ҳам ўзларига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажариб, аҳолига ҳаёт - бу ҳаракат эканини, ҳаракатда эса барака борлигини тушунтирса боқимандалик, текинхўрлик кайфиятидаги мурожаатлар ўз жойида ҳал бўлармиди?! 

Ана шундай кайфиятдаги кишилар учун сўзимизни Президентимизнинг қуйидаги сўзлари билан якунлашни лозим топдик: "Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун, энг аввало, яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур".

Манба: "Гулобод тонги" газетаси (Т.ЮСУПОВ мақоласи)

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM