Умумхалқ хайрия ҳашари туман бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказилди

Ҳашар... Бу каломни эшитганимизда, неча минг йиллар мобайнида одамларнинг бошини қовуштириб, улар қалбига инсонпарварлик, саховатпешалик, саранжом-саришталик каби туйғуларни сингдириб келаётган эзгу қадрият кўз олдимизда гавдаланади. Ушбу қадриятнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари, ҳамжиҳатлик, айниқса, ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида 17-19 август кунлари уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашари туман бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказилди. 
Бу йилги ҳашарнинг уюшқоқлик билан ташкил этилганини 62 минг нафардан зиёд туман аҳолисининг фаол иштирокидан ҳам билиш мумкин. Уларнинг 44 минг нафардан ортиғи ёшлар экани эртамимз эгаларининг жамоат ишларида тобора фаоллашиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 300 гектарга ортиқ майдон ободонлаштирилди, 100 километрга яқин ариқ-зовур ва лотоклар тозаланди, 40 дан ортиқ қабристон ҳамда 2 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди.
Бундан ташқари, қарийб 50 минг тупдан зиёд дарахт ва кўчатга шакл берилиб оқланди. Ҳашар ишларига 40 дан ортиқ техника воситалари жалб этилиши натижасида 240 минг тоннадан ортиқ чиқинди белгиланган жойларга ташиб чиқарилди.
Ҳашар кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмади. Хайрия тадбирларида 32 нафар кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 25 нафар эҳтиёжманд, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар берилди.
Бу йилги ҳашар ўтган йиллардагига қараганда ўзгача файз-тароват, шижоат билан, асосийси, ҳамжиҳатликда ўтди. Боиси истиқлолимизнинг 28 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш ҳар бир юртдошимизнинг эзгу муддаосига айланди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM