Миллатимиз ўзбек, тилимиз ўзбек тили

Тилнинг тириклиги – халқнинг тириклигидир. Тилсиз халқ йўқ. Бизнинг миллатимиз ўзбек, тилимиз ўзбек тили. Ўзбеклар ҳам хонлиги, ҳам беклиги бор қадимий халқларданмиз. Ўтмишда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимларига, сарой аъёнларига “бек” деган унвон берилган.

Тили ўлган халқнинг ўзи ҳам миллат сифатида йўқолади. Халқ қирилиши билан, унинг тили ҳам ўлади. Тил ва халқ ҳимоя қилинган тупроқ -  Ватандир. Тил халқнинг белидаги белбоғдир, бошидаги байроқдир!

- Дунёда 600 та тил мавжуд бўлиб, шундан 100 га яқини адабий ва миллий тил мақомига эга. Ўзбек тили ҳам шу юзталикка киради.

- Ўз қўшинини асрай олмаган халқ ўзгаларнинг қўшинини боқишга мажбур бўлади. Тил ҳам миллатни асрагувчи қўшиндир. Тилни ҳам асрамоқ лозим, токи ўзгалар тилига қул бўлмай туриб...

- Биринчи космонавт ким? Эй, ўзбекнинг боласи, сизлар беринг, тўғри жавобни: Бу ал-Фаробий ва ал-Берунийларга замондош Исмоил ал- Жавҳарий эди. У ўзи ясаган қанотлар билан парвоз қилганди.

- Ҳар миллат манглайида битта қуёш бўлади. Ўзбекнинг сўз мулкидаги қуёши - Алишер Навоий эди.

Улуғ ижодкорларнинг асарларида ишлатилган сўз бойликларига қаранг: Алишер Навоий 26 минг 35 та, Александр Пушкин 21 минг 193 та, Уилям Шекспир 20 мингдан ортиқ, Мигель де Сервантес 18 мингдан ортиқ, Абдураҳмон Жомий  17 мингта, Абдулла Тўқай 14 мингдан ортиқ сўзларни ўз асарларида ишлатган. Тилимизнинг бойлиги ва қудрати ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Тилдек ҳеч бир соҳа йўқки, миллий давлат ҳимоясига муҳтожлик сезмасин. Жаҳон лисоний мусобақасида Мир Алишер Навоий ҳазратларининг биринчи ўринни эгаллашида Султон Ҳусайн Бойқаро ўзбек (туркий) тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги чиқарган фармоннинг ҳиссаси борлиги шубҳасиз.

Ўзбек тилим
Тил вужуднинг шоҳи бўлади,
Кулгуси-ю, оҳи бўлади,
Тил яшаса миллат яшайди,
Она юрти гуллаб яшайди.

Ўзбек деса – ботир дегани,
Бири мингга татир дегани.
Унга мосдир бургут парвози,
Мангуликка етар овози.

Дунёни якқалам қилган тил,
Тўфонларда ғолиб келган тил.
Ҳазрат Навоийни сен бердинг,
Толеъни барчага тенг бердинг.

Ватанингга ўхшайсан бунча,
Жон–танингга ўхшайсан, бунча.
Қўллари кўксида, хуш тилим,
Мушти қаттиқ, кўнгли бўш тилим.

Ўзбегим белида белбоғим,
Орзулар кун кўрган гулбоғим.
Туравергин, дунё тургунча,
Тугавергин, минглаб гулғунча.

Илк косманавт кимлигини бил,
Тилим камтар, жимлигини бил.
Жавҳарийнинг қанотидир - тил,
Гўрўғлининг ғиротидир - тил!

Тили йўқнинг бахти бўлмайди,
Минбарларда тахти бўлмайди.
Эй тиллари узун ўзбегим,
Битта бўлар сўзинг, ўзбегим!

Олим бобом, Хоразмий бобом,
Онгсизликка қўя олди дом.
Ҳаддин билмай ётганида Ер,
Ўзбекчалаб ўлчаб бергандир.

Ал Беруний этганида кашф,
Америка лунги киярди.
Ал Мотуридий бермаса изоҳ,
Олов - худо, дея куярдик.

Инсон танин заррабинсиз ҳам,
Кўрсатолди ибн Синомиз.
Бутун дунё онгини олди,
Авецина деган буюк сўз!

Дунёни чериксиз олган тил,
Тилларга бек бўлиб қолган тил.
Хосиятли ўзбек тилимсан,
Миллатим, Ватаним, дилимсан!

Хосият БОБОМУРОДОВА,
шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM