10 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар уйли бўлди

Туманда кам таъминланган оилалар ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш борасидаги эзгу ишларнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири доирасида ана шу анана давом эттирилди.

Тадбирда туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этиб,  юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги томонидан ногиронлиги бўлган 16 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари топширилди. Иштирокчиларга байрам дастурхони ёзилди.



Куннинг иккинчи ярмида 48 та хонадонга эга бўлган кўп қаватли уйларнинг калити ўз эгаларига топширилди. Маросим давомида 10 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам ўз уйларига эга бўлишди.

Айтиш жоизки, Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди ва туман ҳокимлиги томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳар бирига имтиёзли уй-жой учун бошланғич тўловлар ўтказиб берилган.

- Ҳар бир киши меҳрга эҳтиёж сезади, - дейди Дилором Пўлатова. - Бугун ана шу меҳр ва эътибордан баҳраманд бўлганимиздан жуда хурсандмиз.

Ўзим боғчада тарбиячи ёрдамчи бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматдан тақдир тақазоси билан ногирон бўлиб келган. Икки нафар вояга етмаган фарзандимиз бор. Кўп йиллардан бери уй олишга қийналаётгандик. Туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, бугун ўз уйимизга эга бўлдик. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман.



Тадбир доирасида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари янги хонадонга эга бўлган фуқароларнинг шароити билан танишди. Шунингдек, хасталикка чалинган фуқаролар хонадонига бориб, уларга байрам совғалари топширилди.




2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM