Янги Солиқ кодекси Унда қандай ўзгаришлар бор?

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирди. Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ сиёсати борасида кенг имкониятлар яратди.

Самарқанд туманида вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилган амалий семинарда бу ҳақда кенг тушунча берилди.

Тадбирда сектор раҳбарлари, туман молия, давлат хизматлари, тадбиркорларга кўмаклашиши маркази ходимлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ва бошқалар янги таҳрирдаги Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар, солиқ қонунчилигини соддалаштиришга йўналтирилган концептуал ўзгартиришлар хусусида сўз юритди.

Таъкидландики, ҳужжатнинг асосий мақсади инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишдир. Мазкур ҳужжат ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат ҳисобланади. Шу билан бирга солиқ тўловчиларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кучайтириш борасидаги ислоҳотлар солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Эътибор берадиган бўлсак, узоқ муддатли активлар бўйича амалдаги 12 ой ва 36 ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ўрнига бирданига тўлиқлигича ҳисобга олиш тартиби жорий қилинди Ушбу тартиб 2019 йилда сотиб олинган узоқ муддатли активларга нисбатан ҳам қўлланилади.

– Янги солиқ кодексига асосан солиқ тўловчилар яшил, сариқ ва қизил йўлакчаларга ажратилади, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Фаёз Имомов.– Солиқ тўловчи бундай текширувлардан ҳоли бўлиши учун солиқларни ўз вақтида тўлаб бориши керак. Муддатини ўтказиб ҳисобот топширувчилар сариқ йўлакда, ҳисоботларни муттасил топширмай, бюджет тўловларини ўз вақтида тўламай келаётганлар эса қизил йўлакда бўлиши белгиланган. Қизил йўлакдагилар фаолияти устидан камерал назорат тартибида текширувлар ҳам ўтказилади.

Семинар давомида солиқларни тўлашдан тўлиқ озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари ҳам тушунтирилди. Шунингдек иштирокчилар солиқ сиёсати борасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди. У ерда фаолият олиб бораётган мутахассислар билан суҳбат уюштирилди. Солиқ тўловчиларга буклектлар тарқатилди ҳамда янги Солиқ кодексида тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имтиёзлар хусусида фикр мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда туман ҳокими Н.Мавлонов иштирок этди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM