Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тартиби қандай?

Туман ҳокимлигида ўтказилган ер участкалари мулкдорлари ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари ўртасидаги очиқ мулоқот айни масалага бағишланди.

Тадбирда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиали, давлат солиқ инспекцияси, туман ички ишлар бўлими ходимлари ва тегишли корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Унда туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ш.Жумаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ва вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар хусусида сўз юритди.

Таъкидлаганидек, Самарқанд тумани ҳудудида жойлашган спортнинг эшкак эшиш усуллари бўйича ихтисослаштирилган Олимпия захиралари Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда унга туташ ҳудудда Самарқанд туристик мажмуасини ташкил этиш, шунингдек, туристик маршрутлардаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва йўл атрофидаги инфратузилма объектларини қуриш ишларини амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, бузилишга тушган объектлар бўйича мулкдорларга етказилган зарар ўрни уларнинг розилиги асосида тўлиқ қопланмагунга қадар объектларда бузилиш ишлари олиб борилмайди.

Хусусан, ер участкалари мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан бозор нархида баҳоланиши, бузилишга тушган бино-иншоотларни реконструкция қилишга рухсатнома бериш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM