Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг туман фуқароларига МУРОЖААТИ

Азиз ва қадрли тумандошлар!

Хабарингниз бор, бугун нафақат бутун дунё мамлакатлари, балки, халқимизни ҳам коронавирус эпидемияси ташвишга солмоқда. Бу касалликка қарши курашиш мақсадида ҳукуматимиз, олимларимиз томонидан одамларнинг саломатлигини сақлаш чоралари кўрилмоқда.

Самарқанд туманида ҳам коронавирус касаллигининг олдини олиш, унинг тарқаб кетмаслигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, аҳоли хонадонлари ҳар куни дезинфекция қилиб борилмоқда. Бундан ташқари ҳар бир хонадонда шахсий гигиена ва санитария қоидаларига амал қилиши борасида эслатма материаллар тарқатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тумандаги қурилиш материаллари бозорлари, умумовқатланиш шаҳобчалари фаолияти тўхтатилди. Энг асосийси, деҳқон бозорлари, савдо дўконлари ва дорихоналарда нарх-навонинг ошиб кетмаслиги учун жамоатчилик назорати ўрнатилди. Туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан доимий назорат олиб борилмоқда. Бундай ҳолатлар кузатилса, туман ҳокимлигида ташкил этилган Штабнинг ишонч телефонларига мурожаат қилиш тизими яратилди.

Аҳолининг тиббий ниқобга бўлган эҳтиёжини қондириш ва захира яратиш учун тумандаги “Зулфия” ва “Рафоат текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан ниқоб ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу борада ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз”.

Ҳурматли тумандошлар!

Коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин даврида нафақат ўзимиз, балки, фарзандларимиз, миллатимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишни чуқур ўйлаб кўрайлик. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли асоссиз хабарларга ишонмасдан, фақат расмий ахборот манбалари ҳамда мутахассислар тавсияларига қатъий риоя этишнинг ўзи миллат қаҳрамони бўлиш билан тенгдир. Демак, бугун ҳар биримиз миллат қаҳрамани бўлишга ҳақлимиз.

Мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган карантин билан боғлиқ айрим чекловларни тўғри тушуниш ҳамда уларни бузмаслик барчамизнинг бурчимиз. Шу ўринда, карантин вақтида ҳар бир фуқаро уйда қолиб, томорқага ишлов бериши, маҳаллий иссиқхоналарда сабзавот маҳсулотларини етиштириш айни муддао бўлади. Шунингдек, фермер хўжаликлари, боғ ва токзорлардаги ишларни жадаллаштириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг бир меъёрда ишлашини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилаяпти.

Туманда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмаслиги, аҳолини озоқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилган. Озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотлари захираси яратилган.

Мен шуни ишонч билан айта оламанки, бизнинг халқимиз иродали. Коронавирус бутун дунё халқлари бошига келган бир синов. Биз, албатта, бу синовни бир-биримизга кўмак кўрсатиб, ҳамжиҳатлик, тартиб-интизом ва ирода билан енгиб ўтамиз!

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM