МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРИГА АТТЕСТАТ ҚАЙ ТАРТИБДА БЕРИЛАДИ?

- Мана, онлайн тарзда сўнгги қўнғироқ чалиниб, мактабларда ўқув йили якунланди? Энди ўқувчилардан назорат имтиҳонлари олиш тартиби қандай бўлади?

- Халқ таълими вазирининг жорий йил 20 майдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида 2019-2020 ўқув йилини якунлаш ҳамда ўқувчиларни аттестат (шаҳодатнома) билан таъминлаш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида истисно тариқасида 2019-2020 ўқув йили босқичли ҳамда якуний назорат имтиҳонлари ўтказилмасдан якунланади.

***

- Ўқувчиларнинг йиллик баҳолари қандай чиқарилади?

- Ўқувчиларнинг йиллик баҳолари жорий ўқув йилининг учта чорак баҳолари асосида чиқарилади. Kundalik.com электрон дастури жорий этилган ҳудудларда ўқувчиларнинг “онлайн-мактаб” телевизион дарсларда масофавий таълимдаги фаоллиги ҳам йиллик натижаларни ҳисоблашда инобатга олинади.

***

- Жорий ўқув йилида вилоят умумтаълим муассасалари битирувчиларига аттестат (шаҳодатнома) қандай тартибда берилади?

- Битирувчиларга жорий йилнинг 15 июнига қадар чоп этилган аттестат (шаҳодатнома)ларнинг электрон шакли етказилади. Асл нусхалари эса карантин даври якунлангач, санитар-гигиеник қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда тарқатилади.

***

- Жорий ўқув йили якунида ҳам битирувчиларга олтин ва кумуш медаллари бериладими?

- Албатта. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сонли қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларининг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллари билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги Низом» асосида ўқувчиларга олтин ва кумуш медаллари берилади.

Фақат, медаллар юртимиздаги эпидемиологик вазият яхшилангандан сўнг битирувчиларга тақдим этилади.

***

- 11-синф битирувчилари ОТМда ўқиш учун қандай тартибда ҳужжат топширади?

- Битирувчилар ва барча абитуриентларнинг олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга ҳужжат топширишини янада қулай қилиш мақсадида Давлат тест маркази томонидан онлайн рўйхатдан ўтиш учун http://abitur.dtm.uz/ сайти орқали зарур йўриқномалар тавсия этилди.

Бу орқали битирувчиларимиз сайтнинг ишлаш тартиби билан танишиш, уни тўғри, бехато тўлдиришни ўрганишлари мумкин.

Бундан ташқари, марказнинг тест топшириқлари очиқлигини таъминлаш мақсадида ташкил этган e-Sinov тизими орқали абитуриентлар ҳар бир фан бўйича бепул “Тест топшириқлари тўплами 2019” амалий қўлланмаларида нашр этилган тест топшириқлари тўпламларидан шакллантирилган вариантни ечиб, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин.

Саволларга Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Қўлдош САИДОВ жавоб берди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM