Давлат билан қўрқитманг, илтимос!

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта интернет тармоқларида “Спорт” телеканалининг икки ходими, “Футбол плюс” лойиҳаси иштирокчилари “Ўзбекистон 24” телеканалини танқид қилди. Ва ишдан бўшатилди!

Хўш, улар нима “жиноят” қилди?

Улар “Қоғоз билан “Ўзбекистон 24” каналида ҳамма нарса зўр, Ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти” дейишди. Ёки “Ўзбекистон 24” бошқа муқобил, “Сусамбил” давлатида ташкил топганми?!”, “Сардобаликлар сув тошганидан ҳам хурсанд экан” дея ташбеҳ қўллашди. Хуллас, шу ва шу каби гаплар.

Энди фараз қилинг, икки журналист эркин фикрлади, сўзлади ва МТРК раҳбарининг қаҳрига учради. Раҳбар “Хўш, бизнинг корпорациямиз (яъни компаниямиз) корпоратив этикани тан олмайдиган, ҳамкасбларининг юзига оёқ қўядиган, сиёсий ва маданий онги ҳамда профессионализми ҳаминқадар бўлган бу икки ходимнинг хизматига муҳтожми?” дея масалага нуқта қўйди.

Иккиланмай айтаман, муҳтож! Чунки эркин ва соғлом фикрлайдиган инсон наинки бошқа соҳаларда, балки журналистлар ичида ҳам камёб.

Борингки, улар энди ишсиз қолди, деб ўйлаймизми? Асло йўқ. ДАВЛАТ каналлари ишлатмаса, нодавлатлар “оёғини ерга теккизмай” ишга олади. Хўп, ўшанда ким ютқазган бўлади? Бутунлай ишсиз қолишса, жамиятдан норози бўлади ва яна ҳам норзиларнинг кўпайишига замин яратилади.

Қолаверса, давлат ТВларининг бошқа ходимлари “юрагини олдириб қўйгани”, касбидан совуганигагина эришилади. Ваҳоланки, журналистнинг эркин сўзи, фикри, қараши бўлмаса, у тоифанинг мол боққани, ғишт тергани (асло ҳунарни камситмаган ҳолда айтаман, ҳамманинг танлаган йўли, маслаги бор) минг марта афзал. Чунки бундан ҳам жамият ютади, ҳам ўзининг виждони қийналмайди. 

Энди каминани айрим саволлар қийнайди. Президент йиғилишларида хусусий банкларнинг фаолиятига кўпроқ йўл очамиз, хусусий нотариусларга яна кўпроқ имконият берамиз, айрим давлат улушларидан тадбиркорлар фойдасига воз кечамиз, нодавлатлар бир сўмини ҳам ўйлаб ишлатади, ҳаводан келаётган пул, деб истаганча совурмайди каби фикрларни билдиряпти. Шубҳасиз, бу соғлом қараш.

Давлат газетаси, ТВси, радиоси давлатнинг улуши, кўмаги бўлгани учун ойни этак билан ёпишга интилаверса, “Сусамбил” жамиятни кўрсатаверса қаерга борамиз? Ҳатто бу олди-қочдиларнинг давлатга ҳам кераги йўқ. Маддоҳ журналистика – бу журналистика эмас. Текинхўрлик, холос.

Ваҳоланки, муттасил тарзда жамиятга қора чапловчи, дунёни қора рангларда кўрувчи ОАВнинг ҳам холислигига шубҳам бор.

Хулоса. Давлат ОАВларининг раҳбарлари! Сиз давлат эмассиз! Юқоридан яширманг ҳақиқатни. Қўлингиздан келса, мувозанатни ушланг, жойи келса мақтанг, эътироф этинг, аммо холис бўлинг! Қорани қора ҳам дея олинг!

Акс ҳолда биз яна узоқ йиллар бир хил қўшиқ эшитамиз... 

Исомиддин ПЎЛАТОВ, журналист.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM