Субсидия – қайтарилмайдиган маблағ кимларга берилади?

Аҳоли томорқаларида енгил конструкцияли кичик ҳажмдаги иссиқхоналарнинг кенг миқёсда қурилиши, нафақат мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда, балки аҳолининг қўшимча даромад олиши ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳақиқатдан ҳам бу соҳага берилган эътибор ички бозорни мева ҳамда сабзовот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва мамлкатнинг экспорт салоҳиятини кўтаришда муҳим омил эканлиги бугун ўз исботини топмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар кам таъминланган оилалар даромадини оширишга хизмат қилмоқда.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидан.

- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғига асосан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида низом ҳам ишлаб чиқилган, - дейди туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директор ўринбосари Амир Ғайбиев. - Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари харид қилиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган. Субсидия – қайтарилмайдиган маблағ бўлганлиги сабабли, айнан банд бўлмаган, эҳтиёжманд оилаларга ажратилади.

Томорқа ер эгалари субсидия ажратишни сўраб тегишли ҳудуддаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилади. Ўз навбатида марказнинг масъул ходими банд бўлмаган томорқа ер эгасининг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб, 3 иш куни ичида жойига чиққан ҳолда мурожаатчининг томорқа ерида енгил конструкцияли иссиқхона қуриш, шунингдек, уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши учун томорқа ерининг майдони ва шароитини ўрганади. Шу билан бирга ўрганиш натижаси бўйича далолатнома тузади. Далолатномада ўрганиш давомида аниқланган барча маълумотлар кўрсатилади.

Ўрганиш натижасига кўра, мурожаат қилган шахс банд бўлмаган ҳолларда унга, унинг томорқа ерига мос келадиган енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш ва уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши бўйича “Томорқа хизмати” МЧЖ, АБКМ ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонла машартнома тузилади. Айни кунларда мазкур иссиқхоналарни қуриб бериш орқари камбағал оилалар бандлигини таъминлаш хамда камбағалликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Енгил конструксияли иссиқхона қуриш учун субсидия ажратишини сўраб туман бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилгандим, - дейди Шалғамон маҳалласида яшовчи Махмур Норов. – Масъуллар келиб томорқамизни кўриб, 2 миллион 230 минг сўм маблағ ажратишди. Иссиқхона қуриб битказилгандан сўнг помидор, бодринг ва турли кўкатлар экишни режалаштирганмиз.

Бугунги кунга қадар туманда 40 дан ортиқ оила ушбу субсидиядан фойдаланиш истагини билдириб мурожаат қилишган. Шундан 35 нафар камбағал оилага енгил конструксияли иссиқхона куриш учун субсидиялар ажратилди.

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM