Хотин-қизлар қандай турмуш кечирмоқда?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи туманимизда бўлиб, эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишди.
Аслида бу ишлар Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида долзарб уч ойлик доирасида амалга оширилмоқда. Негаки, ойлик доирасида пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳоли кайфиятини кўтариш, оғир шароитда яшаётган оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш борасида зарур тадбирлар белгиланган.
Ишчи гуруҳи туман ҳокимлиги мутасаддилари билан камбағал оилалардаги хотин-қизларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишиб, уларга кўмак бериш бўйича зарур чоралар белгилади.
Хуусан, баҳордаги кучли ёғингарчилик оқибатида Деҳнав маҳалласида яшовчи А.Абдураҳимовнинг ҳовлисини сув босиб, уйи авария ҳолатига тушиб қолган. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ушбу хонадонга 2 ойга етадиган озиқ-овқат, пул маблағи, 4 тонна цемент ва бошқа қурилиш материаллари берилган. Маҳалла аҳли иштирокида ҳашар уюштириб, янги уй қуриб бериш белгиланди.
Ражабамин маҳалласида яшовчи С.Ачиловнинг турмуш ўртоғи саратон касаллиги сабабли 35 ёшида вафот этган. Уч нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган оилага карантин даврида ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пул маблағи берилган. Мазкур оиланинг уй-жойидаги шароитдан келиб чиқиб, уни таъмирлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Равонак маҳалласида яшовчи К.Набиевнинг оиласидаги 3 нафар эркак ногирон. Оила бекаси 17 ёшли қизи билан уларга ғамхўрлик кўрсатиш баробарида, рўзғор тебратади. Вазиятдан келиб чиқиб, хонадонда доимий даромад манбаини яратиш учун 40 дона товуқ ажратиладиган бўлди. Ҳовлидаги ёрдамчи бинолар ҳашар йўли билан таъмирланади.
Дарвоқе, мустақиллик байрами олдидан маҳалларда камбағал ва эҳтиёжманд аёлларнинг уй-жойини таъмирлаш ва томорқаларида ҳашарлар уюштириш билан бирга, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловлари ташкил этилади.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM