ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТИ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни ўрганиш, уларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида бугунга қадар қабулхона томонидан жойларда тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, туман ҳокимлиги, савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, инвестиция ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қабулхона ҳузурида ташкил этилган тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши, банк ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилмоқда.
Жорий йилнинг шу даврига қадар жами 89 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 23 таси кредит ажратиш, 13 таси ер, кадастр, архитектура ва қурилиш масалалари, ҳамда 53 таси бошқа масалаларга оид бўлди.
Мурожаатлар kb.business.gov.uz порталига киритилиб, тегишли ташкилотларга белгиланган муддатларда ижрога йўналтирилди ва назоратга олинади. Бугунга қадар 89 та ана шундай мурожаатларнинг 90,1 фоизи ижобий ҳал этилган.
Бироқ, ушбу соҳада баъзи муаммолар ҳам кўзга ташланаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Хусусан, айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тадбиркорларнинг мурожаатларига бефарқлик билан ёндошилаётгани бу йўналишга йиллар давомида етарли эътибор қаратилмаганидан далолат беради. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5718-сонли Фармонига биноан, ҳар бир мурожаат 7 кун муддатда кўриб чиқилиб, қонуний тартибда жавоб берилиши белгиланган. Афсуски, айрим масъул ташкилотлар мазкур тартибни четлаб ўтишни ўзига маъқул кўришмоқда.
Жумладан, тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига Гулобод маҳалласида жойлашган "Davronova Mashhura" фермер хўжалиги раиси Элмурод Дилмуродович Хамидовнинг ўн биринчи декабрдаги 2019 йил мурожаати АТБ "Агробанк" туман филиали томонидан 6 кун ижро муддати кечиктирилган ҳолда ҳал этилганлигини таъкидлаш мумкин.
Қайд этиш жоизки, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш бугуннинг муҳим вазифаси ҳисобланиб, уларга етарли шарт-шароит яратиб бериш, фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ҳам давлатга ҳам жамиятга фойда келтиради.
Чунки, ҳар бир тадбиркор фаолиятининг негизида янги иш ўринлари, моддий манфаат масаласи ётади. Бу эса жамиятда ишсизлик муаммосини ҳал этиш, ички бозорни сифатли маҳсулот турлари билан таъминлаш имконини яратади.

Файзидин НОРОВ,
тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош
вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM