Қабул қилинган қонунлар жамият тараққиётини белгилайди

Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва модернизация қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 январь куни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши бунинг яққол ифодасидир.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун 7 боб, 88 та моддани ўз ичига олади. Маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан қўлланилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур қонун нормалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунигдек, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Хўш ушбу қонуннинг қабул қилиниши қандай самара беради? Жумладан, хужжатларни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, сертификатлаштириш ва бошқа шунга ўхшаш маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий жиҳатларини тартибга солувчи турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ягона қонунга жамланди. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминлаш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида электрон порталлар ва маълумотлар базаларининг яратилишига эришилди. Рухсат берувчи ҳужжатлар, лицензия олишни соддалаштириш учун махсус веб-сайтларнинг ишга туширилиши, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш учун зарур бўлган вақтнинг қисқартирилишини таъминлаш каби бир қатор ижобий натижалар қўлга киритилди.

Бундан ташқари, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш тақиқланади. Маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.

Муҳтасар қилиб айтганда давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида қонунийлик ва шаффофлик даражасини ошириш, стандартлаш ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Зариф ҲАМРОҚУЛОВ,

Самарқанд тумани ҳокимлиги

бош юрисконсульти.

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM