Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов “Зарафшон” газетаси мухбири Ёқуб Марқаевнинг саволларига жавоб берди

Парламент тавсияси асосида жорий қилинган халқ депутатлари туман Кенгашларида раис ўринбосари (жамоатчилик асосида) штати ўзини оқламаётгандай, деган фикрига Самарқанд тумани ҳокими қуйидагича жавоб қайтарди.

- Албатта, ҳар бир янгиликни ҳаётга татбиқ этишда бир мунча қийинчиликлар юзага келиши табиий, - дейди Н.Мавлонов. – Хусусан, туман Кенгашларида раис ўринбосари масаласида ҳам шундай дейиш мумкин. Бунда биринчи муаммо шундаки, Кенгаш раиси ўринбосари жамоатчилик асосида фаолият олиб бормоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида бу лавозим ўрнига маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган Кенгаш котибияти ташкил қилинди. Бу амалиёт барча Кенгашларда татбиқ этилса, ўйлайманки, унинг самараси бошқача бўлади.

Умуман, Кенгаш раиси ўринбосари лавозимининг қанчалик самарали бўлиши вазифа юклатилган депутатга боғлиқ, деб биламан. Негаки, туманнинг энг юқори органи Кенгашга барча ваколат ва имкониятлар берилган. Мисол учун, ижро органларининг Кенгаш олдида ҳисобдор.

Бироқ Кенгашнинг асосини ташкил этувчи, сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқувчи депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссиялар бу ваколатдан тўлиқ фойдалана олмаяпти. Ваҳоланки, депутатлар сайловчилар олдида ҳисобдор эканликларини назарда тутсак, улардан жамият ҳаётида фаоллик, Кенгаш ишида ўз ўрни ва ролига эга бўлиш талаб этилади.

Бугунги кунда барча депутатларимизда ҳам сессияларда ва улар оралиғида фаоллик сезилмаяпти. Айрим депутатларимиз Кенгашга бирор масала ёки таклиф киритиш у ёқда турсин, етти марта ўтказилган сессия йиғилишида ҳам сўзга чиқмаган ёки кўрилган масалаларга ўз муносабатини билдирмай номига қўл кўтариб тасдиқлашдан нарига ўтмаган.

Халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгаши раиси шунингдек, Кенгашнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш учун яна нималар қилиш кераклиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Депутат ҳар қандай туман ташкилотига кириши, маълумот олиши, фаолиятини ўрганиши, мавжуд муаммо ва вазифаларни ҳал этишда ижро органи раҳбарига депутат сўрови киритишга ҳақли, - дейди Н.Мавлонов. - Унинг сўровига ўн кунлик муддатда ҳар қандай ижро органи муносабатини билдириши қонунчиликда мустаҳкамланган.

Таҳлил қилиб кўриб, шу ҳуқуқдан фойдаланиш учун депутатга нима халақит бераяпти, деган савол ўйлантирди. Барча ўтказилаётган сессия йиғилишларида депутатлардан фикр, мулоҳаза сўралади. Агар улар мавжуд тўсиқлар, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ёки бошқа таклифлари билан ўртоқлашишса, албатта, бу ўз самарасини беради.

Депутатларнинг эътиборсизлиги эса албатта кенгаш нуфузига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу боис, Кенгашда депутатлар фаоллиги рейтингини йўлга қўяяпмиз. Натижалар асосида фаол депутатларни рағбатлантириш, кам ҳаракатлиларни фаолликка ундаш чораларини кўрамиз.

Албатта, вакиллик органининг ўрни ва ролини ошириш борасида қонунчиликда белгиланган барча чораларни кўришга ҳаракат қиламиз.

Н.Мавлонов туман ҳокими сифатида ўзи бошчилигида ҳудудда амалга оширилган ижобий ишларга биринчи навбатда Конигилда амалга оширилаётган ишларни қайд этди. Негаки, туристик машрут сифатида бу ерда амалга оширилаётган ислотҳотлар биринчи навбатда туман иқтисодиётига маблағ тушишини яхшилайди. Қолаверса, бу ерга ички ва хорижлик сайёҳларнинг келиши бошқа инфраструктураларнинг ҳам ривожига, пировардида янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг даромади ошишига хизмат қилади.

- Шунингдек, Қозиариқ, Жўйисой, Қўштамғали маҳаллалари орқали ўтувчи йўл капитал таъмирланиб, ҳудуд қиёфаси буткул ўзгармоқда, - дейди Н.Мавлонов. - Бу мақсад учун 68 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бундан ташқари, туманнинг кириш қисми, яъни Мирзо Улуғбек маҳалласидан Ўрташиқ маҳалласигача, Янгиариқ маҳалласидан Гулобод маҳалласигача, Арабхона маҳалласидан Нурафшон маҳалласигача бўлган йўл капитал реконструкция қилинди. Шунингдек, 32,2 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланди.

Яна бир ижобий ўзгариш сифатида “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида ишларни айтиб ўтиш мумкин. Бу борада биргина дастурга киритилган маҳаллаларда жойлашган умумтаълим мактаб ва мактабагача таълим ташкилотларини таъмирлаш учун қарийб 6 миллиард сўмга яқин маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди. Шунингдек, дастур доирасида 4 та ичимлик суви иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Кўплаб маиший, савдо, ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушурилди.

Албатта, буларнинг барчаси нафақат туман иқтисодиётини ривожлантириш, балки одамлар турмуш тарзини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, интенсив боғлар ташкил этиш ишларини яна бир ўзгариш дейишимиз мумкин. Чунки кам ҳосилли, кўп меҳнат талаб қиладиган боғлар энди, сердаромад кам харажат қилинаяпти. Биргина жорий йилда 492 гектар замонавий интенсив боғлар барпо этилди. Бунга турли манбалар ҳисобидан 88 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Тўғри, туманда камчиликлар, замон талаблари даражасида ўзгаришлар бўлмаётган соҳалар йўқ, деб бўлмайди. Биргина одамларни маданий ҳордиқ чиқаришида муҳим аҳамиятга эга бўлган истироҳат боғини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо қайд этиш лозимки, қайсики соҳа замондан орқада қолаётган бўлса, бу ўша тизим ёки соҳа раҳбарларининг нўноқлиги, лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаётганлигида деб биламан.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM