Сессияда маҳалла раислари ва уларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари огоҳлантирилди

Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг навбатдаги 8-сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Н. Мавлонов олиб борди.
Дастлаб, тумандаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида камбағаллик рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб қувватлашга доир қўшимча  чора тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан карантин даврида “темир дафтар”га киритилган 2 245 та оилалар орасидан энг ночор ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган (ногирон, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар) оилаларнинг 445 тасига, жами давлат бюджети ҳисобидан қурбон ҳайити муносабати билан ҳар бир оилага 1,0 млн.сўмдан 445,0 млн.сўм пул ажратилди.
Қолган 1570 та оиланинг 7 394 нафар аъзоларига киши жон бошига 220,0 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
2020 йил 29 июндаги Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига мувофиқ, камбағалчиликдан чиқарилган 230 та оиланинг 1217 нафар аъзолари ўрнига “Темир дафтар”га киритиш бўйича тавсия берилган 206 та оиланинг 908 нафар аъзолари (204 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар) "темир дафтар"га киритилиб, бир марталик моддий ёрдам ажратиш ишлари давом эттирилмоқда. 
Куни кеча Бош вазир раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизими фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Сессияда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими фаолияти таҳлил этилиб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурининг ижроси муҳокама этилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масаласи атрофлича танқидий ўрганилди.
Мавзу юзасидан сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи С.Мардонов, бўлим бошлиғининг ўринбосарлари З.Рофиева, Ў.Холиқовнинг маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик каби салбий ҳолатларнинг қайт этилиши, уларнинг бандлигини таъминлаш, оғир ижтимой вазиятга тушиб қолган аёллар билан ишлаш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан ахборотлари тингланди.
Таъкидландики, тумандаги жами 74 маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича раис ўринбосари штат бирликлари мавжуд. Бугунги кунда 10 та маҳаллада маҳалла ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича раис ўринбосари вазифаси вакант бўлиб қолмоқда.
Маъруза давомида Хаймарипоён, Янгиариқ, Қозиариқ, Ражабамин, Ўзбеккенти, Қўшмачит, Оқмачит ва Янгижой маҳаллаларида умумий жиноятчилик сони ошгани маълум қилинди.
Сессияда иштирок этган ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарларига жиддий огоҳлантириш берилди. Йил якунига қадар уларнинг фаолияти жамоатчилик назорати остида ўрганиб чиқилиши таъкидланди.
Шунингдек, кун тартибидаги барча масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM