Халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгашининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди

Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Н.Мавлонов олиб борди.

Дастлаб сессия кун тартиби ва котиби тасдиқлангач, депутатлар сессия ишига қўйилган масалалар муҳокамасига киришди.

Кун тартибидаги биринчи масала, Самарқанд туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминланганлиги, шунингдек, дизенфекция ишларининг ташкил этилганлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати тўғрисида туман Халқ таълими бўлими мудири Бахриддин Мардонов ахборот берди.

Жорий йилнинг 25-26 август кунлари тумандаги 54 та умумтаълим мактаблари  ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида ижтимоий сўровнома ташкил этилди ва туман умумтаълим мактабларида таълим олаётган 40 838 нафар ўқувчининг ота-оналаридан 37 439 (91,7%) нафари иштирок этди.

Сўровномада 25 884 (69,1%) нафар ота-она сентябрь ойидан бошлаб, анъанавий тарзда ўқишни бошлашни, 11 555 (30,9%) нафари онлайн тарзда ўқитишни маъқул қўрдилар.

Шундан сўнг тумандаги  таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида туман сектор раҳбарлари, халқ таълими бўлими ва умумтаълим мактаблари ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, умумтаълим мактабларининг ҳожатхоналари санитария-гигиена талабларига асосида тайёрланди. Пол қисмига кафел ётқизилди ва шифт қисмида пластик қопламаси ўрантилди. Хожатхона олди қўл ювиш мосламалари билан таъминланди.

Бундан ташқари туман сектор раҳбарлари ташаббуси билан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан мактаб кириш қисмида камида 5 тадан замонавий қўл ювиш мосламалари ўрнатилди. Барча мактабларнинг кириш қисмида “назорат пункти” ташкил этилди. Мазкур пунктларда ҳар бир ўқувчи, педагог ва ходимларнинг тана ҳарорати ўлчаб, махсус журналга қайд этилади.

Бунинг учун барча таълим муассасалари 163 дона перометрлар билан таъминланди.

Халқ таълими вазирлигининг тавсияси асосида дарслар жавдаллари ишлаб чиқилди. Масалан, бошланғич синфларда дарслар соат 8-00 бошланса, 5-8 синфларда 8-30, 9-11 синфларда 9-00 да бошлаш режалаштирилди.

Шу билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Мисол учун тумандаги 38 ва 20-умумтаълим мактабларида қурилиш таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган. Педагог ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш учун маблағ ажратилмаган. Айрим мактабларда доимий фаолият кўрсатувчи тиббий ҳамшира штати ажратилмаган.

Шуларни инобатга олган ҳолда 38-умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказилгандан кейин 21 сентябрдан, 20-умумтаълим мактабида ўқув жараёнини 28 сентябрдан бошлаш режалаштирилган.

Сессияда туман мактабгача таълим бўлими мудири А.Бегмуродовнинг тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар ўртасида Коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 ўқув йилини бошлаш борасидаги ахбороти эшитилди.

Бу борада депутатлар тегишли қарор қабул қилишди.

 

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM