“Венеция”га айланган маҳалла кўчаси тўлиқ таъмирланади

 

Самарқанд | Kun.uz телеграм каналида кеча, 13 сентябрь куни “Ёмғир ёғса, маҳалламиз Венецияга айланади...” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда шундай ёзилган: Самарқанд туманида “Сулфакабутак” деган маҳалла бор. Бу маҳалла фуқаролари бизга мурожаат қилиб, муаммоларини “юқоридагилар”га етказишимизни сўрашди. “Ассалому алайкум. Биз Самарканд тумани, “Сулфакабутак” МФЙ ахолиси кўп йиллик дардимизни юқоридагиларга етказишларини истардик. Ҳар йили ёмғирлар мавсумида кўчаларимиз Венеция кўчаларига ўхшаб қолади”, дейилган мақолада.

Туман ҳокими, сектор раҳбарлари, масалага алоқадор ташкилот вакиллари муаммони жойига бориб ўрганди.

Аниқланишича, “Хўжа Аҳрори Валий” ҳамда “Сулфакабутак” маҳаллаларини боғловчи 1 километр узунликдаги кўчада ҳақиқатда ҳам ёғингарчилик вақтида сув тўпланиб қолади. Мазкур кўчанинг икки томонидан ўтган ариқлар турли чиқинди ва ўтлар билан тўлиб қолиши оқибатида бу каби ҳолатлар юз беради.

Мутасадди раҳбарлар томонидан бу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди. Йўлнинг икки томонидаги ариқлар тозаланиб, кўча тўлик таъмирланади. Бу борадаги ишлар 3-чорак якуни билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг 4-чорагида амалга оширилиши белгиланди.