Ёшларга тўғри йўл кўрсатиш асосий вазифамиз

Мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш, улуғ аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизни Ватанга муҳаббат, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.

Бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилганлиги, БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилинганлиги бунга яққол мисолдир

Шунга қарамай, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Туман ҳокимлигида ана шундай ҳолатларни олдини олиш, ёшларга тўғри йўл кўрсатишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман ДХХ, ИИБ бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган йиғилишда маҳалла раислари, мактаб директорлари ва имом-хатиблар иштирок этди.

- Ёшларга тўғри йўл кўрсатиш асосий вазифамиз, - деди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зебинисо Шодиева.

Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққанлар жамиятда “жаҳолатга қарши — маърифат” деган улуғвор ғоя асосида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик каби фазилатларини ҳамда диний бағрикенглик руҳини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтди.

Навроўз ТЎРАЕВ.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM