Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фондидан фойдаланишда қандай тартиблар мавжуд

 

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида "Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" Ўзбекистон республикасининг қонуни қабул қилинди

Қонун билан Ер кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра,  эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин бунда, ушбу тоифадаги ерлар 1 йилгача муддатга иккиламчи ижарага берилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларини иккиламчи ижарага бериш тарафларнинг келишувига кўра, лекин ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасининг муддатидан илгари бекор қилиниши иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади (шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, фермер хўжалигига берилган ер участкалари қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки унинг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида вақтинча фойдаланишга бериши мумкин.

Бунда, ер участкасидан вақтинча фойдаланиш тартиби тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

 

Ўзбекистон Республикасининг  “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг  қабул қилиниши муносабати билан     жисмоний ва юридик шахсларга  қандай енгилликлар  яратилди.

Мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати  билан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритиришлар киритилиб, унга кўра маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарнинг технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари учун келишиш лозимлиги, аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш функция ва ваколатлари бекор қилинди.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш ваколати, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, ҳокимларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколати, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш ваколати,  “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатлари чиқарилди.

Мазкур нормаларнинг амалиётга татбиқ этилиши маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида иш ҳажмининг камайишига, уларнинг бевосита ўзларига тегишли бўлган функционал вазифаларни бажаришига имкон яратади. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг ўзларига тегишли функциялари билан янада самарали шуғулланишини таъминлашга хизмат қилади.

Зариф ҲАМРОҚУЛОВ,

туман ҳокимлиги бош  юрисконсульти

 

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM