Самарқанд туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

 

Очиқ мулоқотда туман ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Садулло Узоқов иштирок этди.

Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли хонадонлари, кўча ва ариқлар ёқалари, хиёбонлар, дам олиш масканларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши, жорий йил кузги экиш мавсумини юқори савияда ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар алоҳида назоратга олиниб, туманда ташкил этилган штабда кунлик таҳлилий ишлар амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Самарқанд туманида жами 780 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва буталари экилиши режалаштирилган. Шундан жорий йил ноябр-декабр ойларида, яъни “Долзарб 40 кунлик” давомида 293 минг дона ҳар хил турдаги кўчатлар экилиши белгиланган. Айни кунда 164 минг мевали ва манзарали кўчатлар экилиши таъминланди.

Шундан, Умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ёқасига 2,2 минг туп, қишлоқ хўжалиги ерларида иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 47,5 минг туп, фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 3,7 минг туп, ижтимоий соҳа (мактабгача таълим, мактаб, коллеж, тиббиёт муассасаларида) объектлари ва ташкилотлар ҳудудларида 22,5 минг туп, корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларида 37,0 минг туп, тумандаги ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудлар ва объектларда 23,0 минг туп ҳамда тумандаги маҳаллалар ва бошқа объектлар ҳудудларида 28,2 минг туп кўчатлар экилиши таъминланди.

Албатта, кўчатларни экишда уларнинг келгусида ўсиб, униб кетишига эътибор қаратишимиз лозим. Шу сабабдан экилаётган ҳудуди ва мақсадига кўра, турли навдаги мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Хусусан, бугунга қадар маҳаллий иқлим шароитига мос келувчи тут, жийда, ёнғоқ, узум каби мевали, каштан, лола дарахти, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павловния, терак, акация, чинор, қрим қарағайи, арча каби манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.

Буларнинг барчаси бугунга қадар амалга оширилган ишлар бўлиб, олдимизга қўйган маррамизнинг бир қисми холос. Туманимизни яшилликка айлантириш йўлидаги ташаббус давом этади. Хусусан, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида жорий йил ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиз оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экишган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. “Бирни кессанг, ўнни эк” деган мақол ҳам бежиз айтилмаган. “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинган бўлсада, ҳеч биримиз унутмаслигимиз керакки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас! Ундан кўзланган мақсад ҳисобот учун дарахт экиш, рақамларнинг ортидан қувиш эмас. Экологик муҳит тобора ўзгариб бораётган бир даврда масалага ниҳоятда жиддий эътибор қаратишимиз, уни чинакамига умуммиллий ҳаракатга айлантиришимиз лозим. Бунинг учун албатта, халқимизга суянамиз. Сабаби, мазкур ҳаракатларимиз кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмас, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонга кириб бормас эканмиз, кўзланган мақсадимизга эриша олмаймиз.

Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратиш лозимки, кўчат экиш билан иш битмайди. Уларни парваришлаш, униб, ўсиб кетишини назоратга олиш зарур. Бу борада ҳам зарурий чоралар белгилаб олинган.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мен туманимиз аҳолисига ҳам мурожаат қилмоқчиман.

Бугун амалга оширилаётган барча саъйи-ҳаракатларимиз сиз-у бизнинг фарзандларимиз яшайдиган шу она замин мусаффолиги учун хизмат қилади.

Доно халқимизда “Яхшидан боғ қолар”, деган ҳикмат бор. Шундай экан, ушбу эзгу ташаббусни барчангиз томонингиздан ҳамжиҳатлик билан қўллаб-қувватланишини сўраб қоламан. Келинг, ҳар биримиз аввало ўз хонадонимиз ободлигига ҳисса қўшайлик. “Оз-оз тўпланиб, дарё бўлур”, деганларидек, барча уйлари обод бўлган кўча файзли кўчага, барча кўчалари обод бўлган маҳалла обод манзилга айланади.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM