Эшкак эшиш канали атрофи сайёҳлик марказига айланади

Сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинларидан бири. Шу боис юртбошимиз томонидан мазкур соҳани ривожлантириш, юртимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг июл ойида вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида тумандаги эшкак эшиш канали атрофида қурилиши режалаштирилган сайёҳлик маркази лойиҳаси билан танишиб, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканларини барпо этиш борасида топшириқлар берган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугун ушбу ҳудудда қурилиш ишлари бошланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов, вилоят ҳокими Э.Турдимов, туман ҳокими Н.Мавлонов, соҳага алоқадор мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Қурилиш ишларига масъул бўлган Тимур Цойнинг маълумотига кўра, эшкак эшиш каналининг шимолий томони бизнес марказ ҳисобланади. Мазкур ҳудудда иккита беш юлдузли, иккита тўрт юлдузли меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.

Жанубий ҳудуддаги қурилишлар эса ички туризм учун мўлжалланиб, олтита меҳмонхона, аквапарк, спорт мажмуалари, ресторан ва кафелар, турли савдо нутқалари бунёд этилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда дендра парк қурилади. Бу ерда маҳаллий аҳоли оилавий келиб ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятлар яратилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳудудда электромобиллар қатнови йўлга қўйилади. Бундан ташқари велойўлак, пиёдалар сайр қилиши учун йўлаклар ҳам ташкил этилади.

Бошланган қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирига қадар якунлаш режалаштирилган.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM