Ҳаракатлар стратегияси

 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ

 

I. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари

1.1. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш:

давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш;

қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш;

сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.

1.2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш:

давлат бошқарувини марказлаштиришдан чиқариш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш ҳамда иқтисодиётни тартибга солишда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш;

мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарасини оширишга қаратилган давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш;

«Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси, сифатини юксалтириш ва бу хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини ошириш.

1.3. Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш:

халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий этиш;

жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш;

фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш;

маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш;

оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш.

II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари

2.1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш:

судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш;

«Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш;

судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш;

судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.

2.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш:

фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;

фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш;

фуқароларнинг одил судловга тўсқинликсиз эришишини таъминлаш;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш.

2.3. Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш:

жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпаpваpлаштириш;

одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик суд иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш;

жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш;

электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш.

2.4. Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш:

жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини ошириш;

диний экстремизм ва терроризмга, уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш;

коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш;

аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш.

2.5. Суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш:

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ишини самарали режалаштириш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш, тизимли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда уларга имконият яратаётган сабаб ва шароитларни бартараф этиш;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ходимларини ўқитиш, танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ротация қилиш тизимини такомиллаштириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ходимлари орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, профилактика қилиш ва бартараф этиш бўйича идоравий назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш.

2.6. Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш:

давлат органларининг юридик хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш;

адвокатура институтини ривожлантириш, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва хўжалик ишларини кўриб чиқишда адвокатларнинг ролини ошириш;

нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари тизимини ислоҳ қилиш.

III. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари

3.1. Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш:

макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;

харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолган ҳолда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш;

солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш;

илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш;

банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини таъминлаш, банкларнинг капиталашув даражаси ва депозит базасини ошириш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш;

суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматларнинг хажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш;

халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш.

3.2. Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш:

миллий иқтисодиётнинг мутаносиблиги ва барқарорлигини таъминлаш, унинг таркибида саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш;

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш;

юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини, энг аввало, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга қаратилган сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш орқали саноатни янада модернизация ва диверсификация қилиш;

иқтисодиёт тармоқлари учун самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда маҳсулот ва хизматлар бозорида монополияни босқичма-босқич камайтириш;

принципиал жиҳатдан янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш, шу асосда ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш сиёсатини давом эттириш ҳамда, энг аввало, истеъмол товарлар ва бутловчи буюмлар импортининг ўрнини босиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш;

иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш;

фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш;

хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда хизматларнинг ўрни ва улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар таркибини, энг аввало, уларнинг замонавий юқори технологик турлари ҳисобига тубдан ўзгартириш;

туризм индустриясини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда унинг роли ва улушини ошириш, туристик хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини яхшилаш, туризм инфратузилмасини кенгайтириш;

экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт таркибини ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва сафарбар этиш;

йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, бошқарув тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.

3.3. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш:

таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш;

пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинларни экиш, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш ҳисобига экин майдонларини янада оптималлаштириш;

фермер хўжаликлари, энг аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат ҳамда қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ва бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини янада кенгайтириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектлари тармоқларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасига интенсив усулларни, энг аввало, сув ва ресурсларни тежайдиган замонавий агротехнологияларни жорий этиш, унумдорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш;

касаллик ва зараркунандаларга чидамли, маҳаллий ер-иқлим ва экологик шароитларга мослашган қишлоқ хўжалиги экинларининг янги селекция навларини ҳамда юқори маҳсулдорликка эга ҳайвонот зотларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш;

глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш.

3.4. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган