Журналист ва блогерлар учун пресс тур ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан “Агросаноат тизимидаги ислоҳотлар” мавзусига бағишланган пресс тур ўтказилди. Унда республика ва маҳаллий газеталари журналистлари ва блогерлар иштирок этишди.

Дастлаб, Самарқанд туманида қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз ички бозорини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги лойиҳалар ижроси юзасидан туман ҳокими ўринбосари Фирдавс Рахимов маълумот берди.

Таъкидландики, жорий йили 5 минг 385 гектар сувли ер майдонида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда, мавжуд 3 минг 751 гектар боғ, 4 минг 165 гектар узумзордан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Мавжуд 650 та фермер хўжаликларининг 223 таси боғдорчилик, 222 таси узумчилик ва 288 таси ғалла-сабзавотчилик йўналишида фаолият юритмоқда. Барча тоифадаги фермер хўжаликлари томонидан 44 минг 497 бош қорамол, 4 млн 751 минг бош парранда парваришланмоқда.

Айни кунларда туманда ғалладан бўшаган 2 минг 751 гектар ер майдонига такрорий экин экилган. Пандемия асоратларини бартараф этиш мақсадида, 1378 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож фуқароларга 320,4 гектар ғалладан бўшаган ер майдони ажратилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида фермер хўжаликлари томонидан 6098 тонна картошка, 10 минг 740 тонна сабзавот, 5 минг 059 тонна мева ҳамда 2 минг 332 тонна узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.

Пресс тур қатнашчилари тумандаги “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюришди. Бу ерда фермер хўжалиги директори Аҳмаджон Султонов маълумот берди.

Таъкидландики, кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан 300 бош наслли қорамоллар парваришланмоқда, бир кунда ўртача 2 тонна сут ишлаб чиқариб, мактабгача таълим масканлари, савдо шахобчалари ҳамда  қайта ишлаш корхоналарига юборилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида фермер хўжалиги томонидан 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, йил охирига қадар яна 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалигида 70 нафар доимий, 80 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилишаяпти.

Шунингдек, пресс тур қатнашчилари “Навобод наслли парранда” кластер усулидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ерда кўп тармоқли фермер хўжалиги директори Хайдар Ўрақов томонидан журналист ва блогерлар учун корхона фаолияти юзасидан презентация ўтказилди.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги учун 120 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, жорий йилда 90 гектар ер майдонида замонавий усулдаги узумзор барпо этилди. Республикамиздаги турдош соҳалар, қолаверса хорижий давлатлар тажрибасига таянган ҳолда узумнинг экспортбоп оқ кишмиш нави экилди. Токларга ишлов бериш, агротехник тадбирларнинг барчаси техника воситалари орқали амалга оширилади, ҳар гектар узумзор учун 2 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланди.

Бундан ташқари агрокластер корхонаси қошида узумни қайта ишлаш режалаштирилган, шу мақсадда 1 млн 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига Белгия, Туркия, Германиядан узумни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий ускуна келтирилди. Натижада 300 минг тонна узумни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулот тайёрлаш имконияти юзага келди ҳамда 22 нафар янги иш ўрни яратилди.

Корхона фаолиятининг яна бир тури паррандачилик хисобланади. Айни кунларда “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигида 300 минг бош наслли парранда парваришланмоқда. Бу ерда ойига 2 млн бошдан ортиқ наслли жўжалар етиштирилиб, республикамизнинг қарийиб барча паррандачилик корхоналарига етказиб берилмоқда.

Корхона филиаллари Андижон, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятида хам фаолият юритмоқда. Дастлаб, наслли жўжалар Германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, бугунга келиб корхона қошидаги инкубация цехида наслли жўжалар етиштириш йўлга қўйилган.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан соатига 20 тонна парранда омухта еми ишлаб чиқарилиб мамлакатимиздаги паррандачилик корхоналари ва  Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 1,5 млн АҚШ дллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортга қилинган бўлса йил охирига қадар яна 6 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси

матбуот хизмати

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM