Ҳоким ўринбосарлари маҳаллабай ишлашни биладими?

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан вилоятда ўрта бўғин раҳбарлари, яъни туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари иштирокида ўқув-машғулотлари ташкил этилди.

Давлат бошқарув академияси Самарқанд ҳудудий филиалида тўрт кун давом этадиган машғулотларни вилоятдаги соҳавий олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари олиб боради.

Тренерлар ҳар бир соҳа бўйича янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларни маҳаллабай татбиқ этиш, илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ва бартараф этишни стратегик вазифалар йўналишида олиб боради.

- Давлатимиз раҳбари 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизим жорий этиш топшириғини берган эди, - дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари Рустам Қобилов. – Табиийки, бунда асосий вазифани туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари бажаради. Шу боис уларга ўқувлар давомида маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш бўйича зарур билим ва кўникмалар берилади. Амалиётда учраётган турли муаммоларнинг илмий асосланган ечимига эътибор қаратилади. Шунингдек, ҳудудлар бўйича ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари ва ривожлантириш бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, машғулотларга туман, шаҳар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари жалб қилинган.

Бахтиёр Мустанов.

2015-2021 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM