Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг аҳолига мурожаати

Ассалому алайкум, ҳурматли фаоллар!

Қадрли дўстлар!

Бугун Сизларга, туманда 2021 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ҳамда 2022 йилда туманни комплекс ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича энг муҳим йўналиш ва вазифаларга бағишланган мурожаатномани ҳавола этмоқчиман.

Барчамиз яхши биламизки, ўтган 2020 йилда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказди. Бугунги кунда ҳам бу офат ҳали тўлалигича бартараф этилгани йўқ, янгидан-янги турлари пайдо бўлмоқда. Бу эса, мамлакатлар ривожига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолгани йўқ.

Лекин, халқимизнинг букилмас иродаси, Давлатимиз раҳбарининг юритган одилона сиёсати натижасида, шунингдек Сиз фаоллар билан мана шу залда ҳар ҳафта бамаслаҳат ўтказган сессияларимиз самараси ўлароқ, ўтаётган 2021 йилда белгиланган мақсадларимизга эришдик десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Дарвоқе, бу йил мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим йил бўлганлигини барчамиз ўз кўзимиз билан кўрдик.

“Инсон қадри учун!” деб номланган ушбу сиёсий йилда, халқимиз ўз номзодига овоз бериш мақсадида, сайловларда фаол иштирок этди.

Кейинги беш йилликни Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари тамойилиги асосланган ҳолда, “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” тасдиқланиш арафасида турибди.

Рухсатларингиз билан, 2021 йилда вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича эришилган натижаларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан – жорий йил якунида саноат маҳсулотлари ҳажми 1,7 млрд.сўм, 5,9 фоизга, хизматлар кўрсатиш 1,2 млрд.сўм, 20,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 2,8 млрд.сўм, 4,6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 12,3 фоизга, жами инвестициялар 7,8 фоизга ўсиши таъминланиб, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари 6,5 млн.сўмни, хизматлар 4,7 млн.сўмни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 10,9 млн.сўмни ташкил этади.

Иккинчидан – туманда бугунги кунда ишсизлик даражаси 9,7 фоизни ташкил этиб, 10,6 минг нафар фуқаролар ишсизлар рўйхатида турибди. Бизнинг мақсадимиз кейинги 2022 йилда ишсизлик даражасини 8,9 фоизга, 2026 йилга бориб эса, 6,9 фоизга тушириш ҳисобланади.

Жорий йилда 3,7 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, бандликка кўмаклашиш ва жамоат ишлари жамғармасидан 909,5 млн.сўм маблағ ажратилди.

Жумладан, 2,6 минг нафар ишсизлар доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилган бўлса, 689 нафар ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Учинчидан – ўтган 11 ой давомида маҳаллий бюджет даромадлари 17,7 фоизга (режа 62 млрд 444 млн.сўм, амалда 73 млрд 512 млн.сўм) ортиғи билан бажарилиб, қўшимча 11,1 млрд.сўм маблағ орттирилди. Йил якуни билан 3,3 млрд.сўм қўшимча тушиши кутилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, умумий бюджет даромадларини 2022 йилда 512,0 млрд.сўмга, шундан маҳаллий бюджет 84,7 млрд.сўмга ҳамда 2026 йилга қадар умумий бюджет даромадларини 879,2 млрд.сўмга ва маҳаллий бюджет даромадларини эса 148,1 млдр.сўмга етказиш  пировард мақсад қилиб белгилаб олинган.

Жорий йилда, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари, эркин қолдиқ ҳамда вилоятдан ажратилган маблағ ҳисобидан 2021 йилда 16,1 млрд.сўм маблағ турли тадбирларга йўналтирилди.

2021 йил якунига қадар маҳаллий бюджет харажатлари 170,5 млрд.сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Тўртинчидан – жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 16 млрд 732 млн.сўм йўналтирилди. Бунинг натижасида 2 та маҳалланинг(Ўрта Оҳалик, Конигил МФЙлар) архитектура қиёфаси янгиланди ва ҳудудлари ободонлаштирилди ҳамда 47 та МФЙларда ички йўллари таъмирланди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 8 та (1 та боғча, 4 та мактаб, 3 та тиббиёт муассасаси) ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 50,3 км.лик (36,3 км йўлда асфальт бетон ва 14 км тупроқ йўлда шағал ётқизилди) йўлларнинг инфратузилмаси яхшиланди.

Йўл таъмирлаш даражасини 2022 йил якунига қадар 67%га етказиш, яъни 84,4 км.лик умумий қиймати 26,3 млрд.сўмни ташкил этган автомобил йўлларини таъмирлаш, 2026 йил якунига қадар эса 100%га, яъни умумй қиймати 138,1 млрд.сўмни ташкил этган 393,4 км.лик автомобил йўлларини қайта таъмирлаш ва 3 кўприк қуриш ишлари режалаштирилган.

Жорий йилда ичимлик суви ва оқова сув объектларида 23,5 км сув тармоғи тортилди ва 6 та сув иншоотлари ўрнатилди.

Бундан ташқари, 108 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши ва 6 км пиёдалар йўлаклари монтаж ишлари бажарилган.

Мисол учун Ўрта Оҳалик, Конигил, Гулобод ва бошқа МФЙларда

Жами бўлиб 12 км пиёдалар йўлаклари қурилди ва аҳолининг 304 та уй-жойлари таъмирланди. Яъни Конигил ва Ўрта Оҳалик МФЙларида.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида, 2022 йил якунига қадар умумий қиймати 17,2 млрд.сўмлик, 60 км.лик ичимлик суви билан таминлаш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2022 йилда умумй қиймати 970 млн.сўмни ташкил этган 1 та объектда 3,5 км суғориш тармоғи реконструкция қилиниши натижасида 93,5% аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган.

Аҳолини электр энергияси ва табиий газга бўлган таъминотини яхшилаш мақсадида, жорий йилда 30 та янги трансформатор ўрнатиш, таянч устунларини 1867 та таъмирлаш янгисига алмаштириш, 98,2 км электр тармоқлар тортиш ишлари тўлиқ (100 фоиз)га бажарилган.

2022 йилда қушимча 15 та трансформатор (52,7 км) ўрнатилиши билан электр қувватини 1800 МВт ошириш лойиҳасини амалда ижросини таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳудди шундай, 5 та маҳаллаларга 8 та ГТҚ(газ таъминот қутиси) ўрнатилиши ва 2,8 км газ қувирини ётқизиш орқали 2022 йилда жами 1500 аҳоли ва 6 та ижтимлий соҳа обектларини газ таъминотини йўлга қўйиш режалаштириб олинган.

Энг асосийси, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 2022 йилда уй-жойга бўлган 453та, ипотека дастури асосида 8та кўп қаватли, 120 хонадонли ҳамда хусусий сектор томонидан 1та уй ва 60та хонадонлар барпо этилиб, уй-жойга бўлган талаб 32%га қондирилишга эришилади.

“Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” деган тамойилни давом эттирган ҳолда жорий йилда ҳам кўплаб тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилди.

Ҳар куни жойларда тадбиркорлар билан мурожаатлар юзасидан тегишли учрашувлар ўтказилади.

Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда оилавий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлардан иборат 1839 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ташкил этилиб, улар сони йил якунига қадар 1950 тага етади.

Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорларимизга фаолиятини амалга оширилишида кенг йўл очиб беришда кўмаклашиш мақсадида, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 25,7 млрд.сўм, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 701 та лойиҳага 23,6 млрд.сўм, “Фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 7 та лойиҳага 130 млн.сўм ва хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 149 та лойиҳага 1,5 млрд.сўм кредит ажратилди.

Бу ишларни келгуси 2022 йилда ҳам давом эттириб, янгидан 6,8 мингта тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, 640та саноатни ривожлантириш (яъни, 28та ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобидан), 1,8 мингта хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш(яъни, 25та инвестиция лойиҳаси, 1та йирик савдо мажмуасини ишга тушириш ҳисобидан) ҳамда 1328та қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш(яъни, 22та инвестиция лойихаси, 204,1га ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экишни йўлга қўйиш) орқали, жами 10,6 мингта янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Самаранд тумани деҳқонлари азалдан, сохибкор боғбонлари билан маълум ва машҳур бўлган.

Бугунги кунда бу борада тўпланган тажриба замонавий усуллар билан бойитилиб, янги ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Мисол учун, ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжи учун йилига 11,1 минг тонна гўшт талаб этилади. Туманда эса 19,5 минг тонна ёки эҳтиёжга нисбатан 175 фоиз гўшт ишлаб чиқарилади.

Жорий йилда тумандаги барча чорвачилик хўжаликлари хатловдан ўтказилди.

Молхоналарнинг ҳолати талабга жавоб бермайдиган 2 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, хўжалигини соғломлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, Жорий йилда 2 та бўрдоқичилик комплекси ишга тушурилди ва 220 бош гўшт йўналишидаги чорва моллари боқилиб ички бозорларга 400 тонна гўшт етказиб берилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозим, октябрь-декабрь ойларида етиштирилган ички талабдан ортиқча тахминан 120 тонна гўшт Тошкент шахри ва Республиканинг бошқа худудларига етказилади.

Келгуси йил 1 чорак якунига қадар гўшт ишлаб чиқариш бўйича ҳудудда қўшимча 200 тонна гўшт етиштирувчи яна 1,5 млрд сўмлик 1 та лойиха амалга оширилади.

Жумладан, Нарзиқул бобо фермер хўжалиги қорамолчиликнинг бўрдоқичилик йўналишида 200 бош қорамол парваришини йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, туманимиз тухум етиштириш бўйича Республикада энг катта салоҳиятга эга ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда туманда 4,2 млн. бош парранда парвариш қилинмокда, шундан, паррандачилик хўжаликларида 3,4 млн. бош ва аҳоли хонадонларида 0,8 млн. бошни ташкил қилади.

Мавжуд 25 та паррандачилик хўжаликларига 603,0 гектар озуқа ерлари бириктириб берилган.

Туман аҳолиси эҳтиёжи учун йилига 31,4 млн дона тухум талаб этилиб, амалда 450,1 млн дона ёки эҳтиёжга нисбатан 148,3 фоиз тухум етиштирилади. Бироқ биз бу кўрсаткич билан чекланмоқчи эмасмиз.

Шу боис, йилдавомида паррандачилик йуналишида жами 3 та лойиха ишга туширилиб, 330 минг бош, шундан 3 та йуналишда 330 минг бош парранда парвариши йўлга қўйилди.

Келгуси йил I чорак якунига 1,3 млн дона тухум етиштириш имконини берадиган қиймати 157,2 млрд сўмлик яна 3 та лойиха амалга оширилади.

Жумладан, “Feed financing team” МЧЖ - (65,4 млрд. сўмлик лойиха негизида 75 та янги иш ўринлари яратилади) "Javoxir mironqul parranda" МЧЖ - (15,0 млрд. сўмлик лойиха негизида 40 та янги иш ўринлари яратилади) "Samarqand naslli kurkachilik" МЧЖ - (69,1 млрд. сўмлик лойиха негизида 58 та янги иш ўринлари яратилади).

Натижада аҳолининг эҳтиёжига нисбатан, 115 фоиз тухум ҳамда гўшт етиштириш йўлга қўйилади.

Картошкачиликни ривожлантириш бўйича 4,6 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилди. “Аъзам Азамат Агро”фермер хўжалиги томонидан ташкил қилинган лойиҳа доирасида 1500 тонна картошкани сақлаш ва қайта ишлаш қувватига эга объект барпо этилди.

Қишлоқ ҳўжалик тармоғини истиқболли режалаштириш мақсадида 2022 йилда умумй қиймати 262,6 млр.сўмни ташкил этган 22 та лойиҳаларни ишга тушириш орқали(яъни, боғдорчилиик-11,7 млрд.сўмлик 6та, паррандачилик-172,4 млр.сўмлик 4та, иссиқхона-16,6 млрд.сўмлик 5та ва бошқалар) 393та янги иш ўринлари яратилиши билан бир қаторда, гушт маҳсулотларини етиштириш 29,5 минг тонна(3,1%га), сут 57,6 минг тонна(3,5%га), тухум 516,3 млн.дона(2,7%га), сабзавотлар 83,1 минг тонна(7,7%га) ва узум 39,9 минг тонна (3,9%га) усишга эришиш кутилмоқда.

Сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича (ПҚ–4919) 26,5 млрд сўмлик 38 та лойиҳа. Шу ўринда туманда мазкур йўналиш, яъни сувни иқтисод қилиш масалга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш лозим. Негаки, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича жорий йилда 26,5 млрд сўмлик 38 та лойиҳа амалга оширилди, яъни туманда жами 1500 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинди. Шундан 1121 гектари боғ, 289 гектари ток ҳамда 90 гектари сабзавот майдонлари ҳисобланади.

Ҳудудда жами 226та сув иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 76 та сув иншоотига “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд туман бўлими томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Булар 2 та гуруҳли, 1 та йирик, 63 та локал сув иншоотлари, қолган 150 та сув иншоотларига маҳалла томонидан ҳисоб қитоб қилинмоқдан ва электр таъминоти корхонаси билан шартнома қилган ҳолда электр энергияси учун тўловлар амалга оширилмоқда.

“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ туман бўлимида жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 1697 минг.м3 ичимлик сув ишлаб чиқарилган (Белгиланган режа 100 фоиз). Шундан 1471.2 минг.м3 ичимлик сув туман аҳолисига, 59.6 минг.м3 ичимлик сув туман ташкилотларига етказиб берилган. Ўтган давр мобайнида жами 1 млрд. 679 млн. сўмлик ичимлик суви реализация қилинган.

Туман аҳолисини ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 2020 йил давомида туманнинг Андижони, Арабхона, Янгижой маҳаллаларида янги сув иншоотлари қурилди. Натижада Андижони маҳалласида 125та, Арабхона маҳалласида 98 та ва Янгижой (Бешкаппа қишлоғи) маҳалласида 42та хонадон ичимлик сув тармоғига уланди.

Жорий йилда 4.8км ичимлик сув тармоғи ва 1 дона сув насоси алмаштирилди. Бунда ташқари, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ туман бўлимининг “Улуғбек” сув иншоотида ичимлик сувини зарарсизлантириш мақсадида хлорлаш ускунаси ўрнатилди. Натижада аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви мунтазам равишда хлор воситаси ёрдамида зарарсизлантирилмоқда Ҳозирги кунда 480кг хлор захираси мавжуд.

Ҳозирги вақтда корхонамиз томонидан етказиб берилган ичимлик сув учун 1 млд 606млн.сўм ичимлик суви учун тўловлар ундирилган, 750.4 млн.сўм қарздорлик ва 613,6 млн.сўм хақдорлик мавжуд.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5975-сонлиФармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4653-сонли қарорлари қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармасига бугунгача 2 млрд 875 млн. сўм миқдорида ҳомийлик маблағлар йўналтирилди.

Келиб тушган маблағлар ҳисобидан пандемия шароитида “Темир дафтар”га киритилган муҳтож оилаларни ҳар тарафлама қўллаб қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғриссида"ги 250-сон Қарорига асосан “аёллар дафтарига” киритилган 572 та оилага аёлларни ўзини -ўзи иш билан жалб қилинишини таъминлаш учун жами 1 050 млн. сўм асбоб-ускуналар;

Шу билан бир қаторда, боқувчисини йўқотган 269 нафар, 1-гуруҳ 103 нафар, 2-гуруҳ 121 нафар ҳамда 68 нафар қарамоғида ногиронлиги мавжуд жами 561 нафар хотин-қизларга ЭКОИҲ 4 бараваридан жами 549,7 млн.сўмлик бир марталик моддий ёрдам;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6038-сон Фармонига асосан “Темир дафтар”га киритилган оила аъзоларига жами 150 млн. сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган оилаларни моддий қўллаб қувватлаш билан бир қаторда уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини доимй кафолатланган иш жойларига ишга жойлаштириш масаласига катта эътибор қаратмоқдамиз.

Бугунгача “Темир дафтар”даги: 2 454 та камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “темир дафтар”га киритилган эди. Ўтган даврда сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳомийлар томонидан кўрсатилган кўмаклар ва амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2 373 та оилалар халқ депутатлари туман Кенгашларининг қарорлари асосида “темир дафтар”дан чиқарилган. Бугунги кунда 81 та оила (318 та оила аъзолари) “темир дафтар”да рўйхатда турибди.

Шунингдек, бу йилги пандемия шароитидан келиб чиқиб, “темир дафтар”да рўйхатда фуқароларимизга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати жамғармасидан, саховатпеша тадбиркорлар, ҳомийлар ва давлатимиз томонидан бир марталик моддий ёрдамларни қўшган ҳолда ўтган 11 ой давомида жами бўлиб 2 млрд 53 млн.сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

Ўтган даврда, “темир дафтар”даги 2 605 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Жумладан, 22 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 5 нафари оилавий тадбиркорликка, 134 нафари жамоат ишларига, 91 нафари агросаноат лойиҳаларига, 850 нафари кооперация асосида ер ажратиш ҳисобига, 1 503 нафари расмий ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига бандлиги таъминланди.

“Темир дафтар”даги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиб, 26 нафар ишсиз фуқаролар 6 та йўналишда ўқитилмоқда.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ишлари охирига етказилмокда.

Тумандаги жами 2 минг 253 нафар дафтарга киритилган ишсиз ёшлар ҳамда 2 минг 382 нафар дафтарга киритилган ишсиз аёллар хатловдан ўтказилди.

Ўрганишлар давомида 2 456 (11 минг 652 нафар фуқаро) та муҳтож оилалар мавжудлиги аниқланди.

Оилаларнинг камбағаллик сабаблари таҳлил қилинди,

-595 таси доимий ишга эга бўлмаган ва кам даромадли;

-287 таси боқувчисини йўқотганлиги;

-532 таси ногирон ва сурункали касаллиги сабабли;

-71 таси кўп (5 ва ундан ортиқ) болали;

-96 таси шароити оғир бўлган чет элдан қайтган меҳнат муҳожирлари;

-875 таси бошқа сабабларга кўра камбағал ҳисобланади.

Қадрли сессия иштирокчилари!

Умуман олганда, 2022 йилда бизнинг асосий мақсадимиз, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг драйверлари яъни “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва ишга солиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий саноатни ривожлантириш, ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш, эркин ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш ва кенгайтиришдан иборатдир.

Бу ишларни амалга оширишда, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва тегишли Фармонлари билан ташкил этилган маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари бизга жуда катта кўмакдош ва елкадош бўлади.

Бугунги кунда, тумандаги 74 та маҳаллаларнинг барчасига 3 босқичда ҳоким ёрдамчилари танланиб, сараланиб, энг муносиб номзодлар суҳбат асосида ишга қабул қилинди.

Шу ўринда бир нарсага тўхталиб ўтмоқчиман, яъни бу “маҳаллабай” ишлаш тизими бизга бегона эмас. Бу соҳада анча тажрибамиз ортди.

Президентимизнинг шу йили апрель ойида вилоятимизга ташрифлари давомида “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича топшириқлар бериб, тегишли қарорлари билан эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилди.

Қарорга асосан туманда 1 августдан бошлаб “Маҳаллабай ишлаш марказлари” ташкил этилиб, марказга жами 9 нафар, шундан ҳар 3 та маҳаллаларга 1 нафардан, жами

25 нафар инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди.

Улар томонидан, 74 та маҳаллалар диагностика қилиниб, уйма-уй юриш орқали

47 мингта хонадон, 72 мингта оилаларнинг аҳволи ўрганиб чиқилди ва 2 594 та доимий даромад манбаига эга бўлмаган оилалар ҳамда 10,6 мингта меҳнатга лаёқатли ишсизлар борлиги аниқланди.

 Шу билан бирга, 2022 йилда янги лойиҳаларни ишга тушириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тадбиркорлик, ўзини-ўзи банд қилиш, қишлоқ ҳўжалигини маҳсулотларини етиштириш ва сотиш, хизмат кўрсатиш соҳалариини йўлга қўйиш орқали Самарқанд туманида жами 10,6 мингта янги иш ўринларини барпо этиш режалаштирилган.

Жумладан;

-Саноат инвестиция лойиҳалари ҳисобидан-505та,

-Қишлоқ хҳжалиги инвестиция лойиҳалари ҳисобидан-393та,

-Хизмат кўрсатишда инвестиция лойиҳалари ҳисобидан-874та,

-Лидер тадбиркорларга бириктириш асосида-381та,

-Норасмий фаолиятни расмийлаштириш асосида-1964та,

-Обод қишлоқ дастури асосида-34та,

-Ўзини-ўзи банд қилиш асосида-2598та,

-Ғалладан бушаган ер майдонларини тақсимлаш ҳисобига-895та,

-Буш иш ўринлари ҳисобига-1705та,

-Ижтимоий инфратузилма давлат дастури асосида-67та,

-Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳисобига-944та ва шу каби тадбиркорликни ривожлантириш, саноатни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш асосида қўшимча ишчи ўринларини яратган ҳолда мос равишда ишсизларни камайтириш ишлари режалаштириб олинган.

Ташкил этилаётган “ҳоким ёрдамчилари”га маҳаллабай ишлаш орқали камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни камайтириш учун 2022 йилда йўналтирилаётган маблағ ҳисобидан туманда 10,6 минг ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқдик.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича галдаги вазифа маҳалла ва туманнинг янги “ўсиш нуқталари” (драйверлари)ни ишга солиш ҳисобланади.

Шу мақсадда, уйма-уй юриш орқали 13 йўналишдаги 86 та “ўсиш нуқталари” (драйвери) белгилаб олинди. Жумладан, 23 та хизмат кўрсатишни, 13 та томорқа хизматини, 5 та чорвачиликни, 17 та иссиқхоналарни, 18 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 5 та паррандачиликни риожлантириш нуқталари аниқланди.

Ушбу аниқланган “ўсиш нуқталари”га оилавий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари жойлаштирилади.

Маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар орқали 482 нафар фуқаролар тадбиркорликка жалб этилади.

Кооперация асосида “Етакчи” тадбиркорларга бириктириш орқали меҳнатга лаёқатли ишсиз 1000га яқин фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Умуман, хизмат кўрсатиш бўйича қиймати 3,8 млрд.сўм бўлган 25 та лойиҳалар амалга оширилади ва ушбу лойиҳалар натижасида 1,8 мингта иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари, 2022 йилда ҳоким ёрдамчилар томонидан амалга оширилиши кутилаётган вазифалар натижасида, Давлат инвестиция, ижтимоий ва инфратузилма дастуридаги лойиҳа ва объектлар амалга ошириш билан 292 та, қишлоқ хҳжалиги йўналишидаги 274,1 млрд.сўмлик 21та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 1038та, 1,64 млрд.сўмлик бандлик ва жамоат ишлари жамғармалари ҳисобидан дастури доирасида 1806та, ўзини-ўзи банд қилиш орқали(ПҚ-4742 қарорга асосан) 2289та ва шу каби бир қатор йўналиш ва лойилаҳаларни амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Қадрли фаоллар!

Мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда маҳаллий саноатни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали рақобатбардош экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бу бизнинг пировард мақсадимиз ҳисобланади.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 12 ойи давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 383,7 млрд.сўмлик 57 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 1 187 та янги иш ўринлари яратилади

2022 йилда ҳам умумий қиймати 4 834,8 млрд.сўм бўлган 75 та лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 1772 та янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинди.

Шунингдек, 2021 йил якунига қадар 29,2 миллион.долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва йиллик режа 103 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Мисол учун, “Сиралиш Мева” МЧЖ корхонаси негизида умумий қиймати 840,0 минг.доллар бўлган “Замонавий иссиқхона ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, қўшимча 15 та иш ўрни яратилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11 ой давомида 1 млрд. 578 млн.сўмни ташкил этиб, 103,8 фоизга ўсди.

Йил якуни билан якунида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга ўсиб, аҳоли жон бошига 6,5 млн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

2022 йилда ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,2 баробарга ошириб, 1 млрд. 944 млн.сўмга етказиш белгиланган.

Яна бир муҳим масала, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахтлар экиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш долзарб ҳисобланади.

Туманда 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 780 минг дона манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатлари экиш белгилаб олинди.

Жорий йилнинг ноябр-декабр ойларида экилиши режалаштирилган 293 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларидан бугунги кунда 270 минг донаси экилди. Қолганлари ҳам йил якунига қадар экилади.

Қадрли фаоллар!

Таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишимиз даркор.

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ишларимиз натижасида, жорий йилда 26 та янги МТТ, шундан 1 та инвестиция дастури доирасида 360 ўринли, 25 та 1250 ўринли оилавий МТТ ташкил этилди.

Натижада 21 854 нафар 3-7 ёшли мактабгача ёшдаги болалардан 12 минг 583 нафар (57,6%) тарбияланувчилар МТТларга қамраб олинди.

Бугунги кунда жами 42 та Давлат мактабгача таълим ташкилотларида 8780 нафар, 6 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 422 нафар, 7 та давлат-хусусий шерикчилик шарти асосида 643 нафар ва 109 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 3525 нафар тарбияланувчилар тарбияланмоқда.

Шунингдек, Самарқанд туманида жами 55 та таълим муассасалари, шундан 54 та мактаб, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари,1 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Уларда ўқитиш 3 тилда (ўзбек, рус, тожик) олиб борилади.

2021-2022 ўқув йилида жами ўқувчилар сони 41357 нафарни ташкил этмоқда.

Жорий йилда Бугунги кунда туманда 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 5 та маданият марказлари фаолият юритмоқда.

Ёшларни мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида мавжуд 2 та мусиқа ва санъат мактабларида 20 та йўналишда 351 нафар ўқувчи ёшлар дарсдан бўш вақтларида мусиқа ва санъат сирларидан сабоқ олиб келмоқда.

Мавжуд 5 та маданият марказида фаолият юритиб келаётган 28 та тўгарак сони 5 тага кўпайтирилди, уларда жами 223 нафар вояга етмаган ёшлар қатнашмоқда, улардан 78 нафарини қиз болалар ташкил этади. Тумандаги 54 та умумтаълим мактабларида 52 та маданият ва санъат тўгараклари ташкил қилиниб 510 нафар ёшлар қамраб олинган. Жойларда маънавий-руҳий муҳитни янада соғломлаштириш, миллий қадрятларимизга асосланган ибратли анъаналаримиз, урф-одатларимизни тарғибот-ташвиқот этишга йўналтирган, маданий-оммавий тадбирлар, концертлар, турли кўргазмали тадбирлар ва сценарийлар яратиб барча муассасаларда йирик тадбирлар ўтказилди.

Ҳалқ таълими соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида 2022 йилда уқувчилар сонини 63752 га етказиш, 1920та қўшимча ўқувчи ўрни яратиш, мактабларнинг қувватини 65672тага етказиш, туманда 1 та янги мактаб қурилишини амалга ошириш ҳамда мавжуд 12та мактабларни реконструкция қилиш, умумтаълим мактабларини навбатлилик коэффицентини 1,6дан 1,2 га тушириш ҳамда хусусий мактаблар сони 1 тага етказиш орқали таълим бериш қамровини кенгайтиришга эришиш каби мақсадли лойилаҳалр режалаштирилган.

Вилоятда кейинги ва келажакдаги биринчи драйвер бу, туризм соҳасини изчил ривожлантиришдир.

Ички ва зиёрат туризмини босқичма-босқич қайта тиклаш бўйича ишларимиз, жумладан ички сайёҳлар учун транспорт ва меҳмонхона харажатларини субсидиялаш тизими жорий этилгани ўз натижасини бермоқда.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида келгуси йилда Сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида тумандаги Конигил МФЙда жойлашган “Туризм қишлоғида” текин WiFi ҳудуди ташкил этилди.

Шунингдек, Оқбўйро дам олиш масканида мобил алоқа ва интернет қамрови яхшиланди.

Амалга оширилаётган ишлар биринчи навбатда туманда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, шу жумладан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Биз жадал ислоҳотларни амалга оширар эканмиз илмга, инновацияга таянмасдан иложимиз йўқ.

Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги, амалий натижадорлик, Инсон қадри – “Янги Ўзбекистон” стратегиясининг бош мақсади экан, биз Сизлар билан эзгу мақсадлар, яъни халқимизга ҳалол хизмат қилиш, уларни ҳар жиҳатдан рози қилиш бўйича биргаликда, самарали фаолият юритишимиз зарур.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мен Сизларни кириб келаётган янги 2022 йил билан чин қалбимдан табриклайман.

Сиз ва Сиз орқали оилангизга ва барча яқинларингизга инсон учун энг қадрли бўлган неъмат – соғлиқ-саломатлик, тинчлик ва осойишталик, янги йилда ҳаётингизнинг барча жабҳаларида кўплаб ижобий натижалар, ютуқлар ва мувафаққиятларга эришишингизни тилайман.

Эътиборларингиз учун рахмат!

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM