Пресс-турда тадбиркор бўлиш истагида юрган ёшлар ҳам борлиги маълум бўлди

Бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшлар билан “маҳаллабай” ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича янгича тизим йўлга қўйилди. Пировардида “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Уларнинг муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилди. Шу асосда манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов иштирокида бўлажак журналистлар билан ўтказилган пресс-турда ёшлар ўзларининг фикрини билдиришди.

Дастлаб Самарқанд шаҳри ҳамда туман ёшлари Конигил туризм қишлоғида бўлиб, “Конигил кулолчилик маркази” билан танишди. Мазкур масканда Самарқанд қоғози, кулолчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандчилик анъаналарининг тарихи, кейинги ривожланиш даврига оида маълумотларга эга бўлишди.

Қайд этилганидек, қўл меҳнати билан яратилган буюмларга бутун дунёда қизиқиш жуда юқори. Кулолчилик мактабида бугунгача Туркия, россия, Япония, Қатар ва яна кўплаб мамлакатлардан соҳага қизиқувчилар келиб тажриба алмашади. Бу ердаги айрим кулолчилик йўналиши Афросиёб услуби дейилади.

Шундан сўнг иштирокчилар “Sam Rafoat textil” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Корхонада Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов билан мулоқот қилди.

Мулоқот доирасида туманда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг касбга эга бўлишлари учун яратилаётган шароитлар тўғрисида сўз борди. Ҳоким ва ёшлар ўртасидаги қизғин баҳс-мунозарадан сўнг, корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишди. Ёшлар орасида тадбиркор бўлиш истагида юрганлар ҳам борлиги маълум бўлди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга корхона раҳбари томонидан батафсил маълумот берилди. Айрим ёшлар мазкур корхонада ишлаш истагини ҳам билдиришган бўлса, айримлари ана шундай тадбиркорликни бошлаш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги билан қизиқди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM