“Ўлмас овқат”: 50 та товуқ боқиб, камбағалликдан чиқиш мумкинми?

Жамиятимиздан норози одам эмасман. Ватанимни энг ватанпарварман, дейдиганлардан кам яхши кўрмайман. Ижтимоий тармоқларда кўп ва хўп такрорланадиган четга “суриш” хаёлимга ҳам келган эмас.

Лекин камбағалликдан чиқариш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман.

Ўзи жамиятимизда бунақа тоифа борлигини кейинги 15-20 йил давомида тан олмадик. Фақат давлат раҳбарининг шу ҳақдаги фикрларидан сўнг одамларимизнинг бир қисми камбағал эканлиги ҳукумат даражасида тан олинди.

Бугун қайси ОАВни кўрманг ёки ўқиманг, камбағалликни қисқартириш ҳақида кўрсатув ёки мақола бериляпти. Бу борадаги ишларда энг оммалашган усуллардан бири – бекор юрган камбағалларни жамоат ишлари билан банд қилиш. Инсоф билан айтингчи, жамоат ишига олинган камбағал неча сўм ойлик иш ҳақи олади? 600 нари борса 800 минг сўм. Лекин шуям ҳарнада, дейишингиз мумкин. Ҳамма гап ана шу “ҳарна”да.

“Ўлмас овқат” деган терминни болалигимда бувим (аслида катта эна дердик) раҳматлидан эшитганман. Ўша катта энам, собиқ иттифоқ энди парчаланган 1991-1994 йилларда 5-6 бош қорамолини кузда сотарди (одатда 15-20 бош қорамол, 50-60 бош қўй қиларди. Улов сифатида фойдаланиш учун камида иккитадан от ва эшак сақларди). Ўша сармояга Самарқанддан, гоҳо Тошкентдан улгуржи нархда ун олиб келиб, қишлоқда чакана нархларда сотарди.

Эрта баҳорда қўлида тўпланган пулга янги (ўша пайтлар голланд навли картошка уруғлари кириб кела бошлаганди) картошка уруғлик олиб келиб, икки-уч гектар ерга эктирарди. Бу ишга барча ўғил-қизлари ва невара-чеваралари жалб қилинарди.

Айни ўша даврда катта энам келинлардан бирига масаллиқларни ажратиб бериб, тушликка “ўлмас овқат” қилишни буюрарди. Энди ўйлаб қарасам, ўша “ўлмас овқат”ларни эсласам, камхарж бу таомлар, тез тайёр бўлиши ва ҳар ҳолда кучдан қолмаслик учун (дастурхонга келмаганларга "жилигинг қуриб кетмасин, ол бирон нарса е", деб қўярди, катта энам) хизмат қилар экан.

Бугун камбағалликни қисқартириш учун қиланаётган ишлар ҳам “ўлмас овқат”га ўхшайди. Ҳа, айнан ўлмас овқатга.

Мисол учун, бугун камбағалларга берилаётган ёрдамнинг энг “урф” бўлган усули жўжа бериш (товуқ эмас). Тўғри, парранда етти хазинанинг бири, рўзғорга барака олиб келади. Лекин жўжа билан камбағалликдан чиқишга ишониш қийин.

Одатда, камбағалларга 50 нари борса 100 дона жўжа берилаяпти (ҳали 1000 дона текин жўжа берилганини эшитмадим, балки бордир). Аммо камида 35-40 кун 100 бош жўжа боқиб, арзирли даромад олиб бўлмайди.

Нега дейсизми? Фикримни аниқлаштиришга ҳаракат қиламан. Дейлик, 10 минг ва ундан кўп жўжа боқаётган тадбиркорлар ҳам товуқ гўшти етиштиради ва уларнинг аксарияти товуқ учун озуқани ўзи тайёрлайди. Бу эса табиийки маҳсулот таннархига таъсир қилади.

Камбағалликдан чиқиши керак бўлган киши эса 100 бош жўжа учун емни иккинчи, айрим ҳолларда учинчи қўлдан сотиб олади. Бу эса у етиштирадиган гўшт нархи ошиб кетишига сабаб бўлади.

Бошимдан ўтказганман. Яқинда инкубацион цехларнинг биридан 4,5 минг сўмдан 500 бош бройлер жўжа олдим. 40 кун килограмини 5100 ва 5500 сўмгача нархда ем сотиб олиб боқдим. Хуллас, икки килограмм тош босгунча 20-25 минг сўмлик ем еган бройлерларни сотмоқчи бўлиб, бозордан товуқ гўштининг нархини сўрадим.

- Тозалаб келинг, 14-15 минг сўмдан оламиз, - дейишди.

Қирқ кун жўжа боққан хотинимга ёнимдан 500 минг сўм чиқариб бердим.

- Даромадинг ёмонмас, шу фойдага қолди, - дедим кўнглини чўктирмаслик учун...

Умуман, товуқ боқаётган тадбиркор 10 минг бош жўжанинг ҳар биридан 1000 сўмдан соф фойда олсаям етади. Шунда ишчиларига берган иш ҳақидан ташқари, 35-40 кунда 4,5-5 миллион соф фойда қилади.

Камбағал оила эса 50 бош жўжа боқиб, 1,5 ойда 50 минг сўм фойдага эга бўладими? Қайси формула билан ҳисобласангиз ҳам 100 бош, борингки, минг бош бройлер жўжа боқаётган камбағал 40 кунда 2,5 миллион сўм соф фойда олмайди. Ололмайдим, ҳам.

Энг ёмони, бройлер жўжа шунақа инжиқ нарсаки, ўша камбағални 100 бошиям, тадбиркорни 10 минг бошиям бир ёки икки кишини доимий банд қилиб қўяди...

Айтганча, катта энамнинг тушликдаги “ўлмас овқат”ларини еб, ёз - олти ой далада банд бўлган қариндошларим кузда 3 тоннадан 5 тоннагача картошкали бўларди. Бу қиши билан “жон сақлаши”, дастурхонда ҳеч бўлмаса, иккинчи нон – картошка бўлишини таъминларди. Табиийки, кейинги йили яна кўпроқ даромад қилиш учун жон куйдириб ишлардик...

Кўрмаганман, эшитганман. Озарбайжондаям камбағалликдан чиқариш учун бундан 4-5 йил бурун айнан мана шу усулдан фойдаланишган ва фақат улар камбағалларга камида минглаб жўжа беришган экан. Ва муҳими, саноат усулида (10 минг ва ундан кўп) бройлер жўжа боқиш учун солиқ ставкаларини катта қилиб қўйишган. Шу орқали камбағалларга хонадонида бройлер жўжа парваришлаш орқали яхшигина даромад олиш имконияти яратилган.

Албатта, тадбиркорларга ҳам “бўлди, энди парранда билан шуғулланманглар”, дегандек муносабатда бўлишмаган. Уларга қайта ишлаш билан шуғулланиш учун имтиёзлар берилган. Шундан сўнг, катта-катта тадбиркорлар бройлер жўжа боқмасдан, хонадонларда етиштирилган парранда гўшти сотиб олиб, уни қайта ишлаш, ундан турли тайёр озиқ-овқат тайёрлашга ўтган. Яъни, жўжани боқиш камбағалларга қолдирилган.

Мен шу усулни қўллаш керак, демоқчимасман. Айтмоқчи бўлганим, камбағалларга 50-100 та товуқ тарқатиб, шунча оилага даромад манбаи яратдик, деб ҳисобот берманг!

Ёқубжон МАРҚАЕВ.

2015-2020 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM